22:35 / 25.12.2020
9050
Лукашенко Беларусга Украина орқали “тонналаб” қурол олиб кирилганини айтди

Беларус президентининг таъкидлашича, энди Украина билан чегарадан сичқон ҳам ўтолмайди.

Фото: president.gov.by

Беларус президенти Александр Лукашенко мамлакат ҳудудига Украина орқали тонналаб қурол олиб кирган террорчилар қўлга олинганини айтди

Унинг сўзларига кўра, Беларус махсус хизматлари Николай Автуховичнинг “террорчи гуруҳи”ни қўлга олган. Лукашенконинг таъкидлашича, улар бутун Беларус бўйлаб терактлар тайёрлаган.

“Яқинда Автуховичнинг гуруҳини қўлга туширдик. Аблаҳлар. Ҳозирда уларнинг барча йўлларини фош қилдик. Улар Украина орқали тонналаб қурол ташиган. Бутун мамлакат бўйлаб терактлар тайёрлаган ва амалга оширишни бошлаган. Ўзлари ёнишди. Чекистлар бу операцияни милиция билан биргаликда ўтказди. Баракалла! Худога шукр, улар ушланди”, – деди Лукашенко.

Унинг ишонтиришича, чегара қаттиқ назоратга олинган.

“Яна бир нечта гуруҳчалар бор. Ўзларининг икки-учта одамини бизга жўнатишади. Украина орқали. Полша, Литва орқали қийин – чегарани буткул ёпдик. Ҳозирда Украина билан чегарани ҳам ёпдик, сичқон ҳам ўтолмайди. Баъзан Россия орқали киришади, чегарамиз йўқ. Аммо аввалгидек эмас. Бу масалани қатъий назоратга олганмиз”, – деди Беларус президенти.

Top