03:16 / 03.01.2021
45161
Арманистон Қорабоғда вафот этганлар сони бўйича маълумот берди
Фото: РИА "Новости"

Арманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги сентябрда бошланган Қорабоғдаги урушлар оқибатида қанча арманистонлик вафот этганини маълум қилди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алина Никогосяннинг айтишича, 27 сентябрдан 9 ноябргача давом этган Қорабоғдаги урушларда 3 330 нафар Арманистон фуқароси ҳалок бўлган. Барча вафот этганларнинг шахси аниқ эмас ва тиббий экспертиза жасадлар, таналардан қолган бўлаклар кимга тегишли эканини аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.

Ноябрда Арманистон томони урушда 2 317 нафар ҳарбийси қурбон бўлганини маълум қилганди. Кейинчалик Россия президенти Владимир Путин Қорабоғдаги урушлар вақтида Озарбойжон ва Арманистон томонидан умумий 4 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ҳақида гапирди.

27 сентябр куни Озарбойжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ учун урушлар бошланганди. Узоқ давом этган уруш тўлалигича Озарбойжон устунлигида ўтди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян 9 ноябр куни оқ байроқ кўтариб, мағлубиятни тан олди. Шундан сўнг, Россия, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида ўт очишни тўхтатиш борасида келишув имзоланди.

Жанг якунларига кўра, Озарбойжон тарихан ўзига тегишли бўлган Агдам, Келбажар ва Лочин каби йирик туманларни қайтариб олди. Ҳудудга ўт очиш режимини назорат қилиш учун Россиянинг тинчликпарвар кучлари киритилди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян агар уруш яна бир неча кун давом этса, озарлар Қорабоғ пойтахти Хонкандини ҳам эгаллаган бўлишини айтди. Пашинян бир неча марта Россия президенти Владимир Путиндан ҳарбий ёрдам сўраган, лекин Россия етакчиси уруш Арманистон ҳудудида эмас, тан олинмаган Қорабоғ ҳудудида давом этгани сабаб ҳарбий ёрдам ҳуқуқий жиҳатдан имконсизлигини маълум қилганди.

Озарбойжон Қорабоғдаги урушлар тугаган кун – 10 ноябрни мамлакатда байрам деб эълон қилди. 10 декабр куни Бокуда Қорабоғдаги ғалаба шарафига ҳарбий парад ҳам ўтказилди ва унда Туркия президенти Ражаб Эрдўған қатнашди.

Top