14:55 / 09.01.2021
2679
Деновда газ тармоғига ноқонуний уланиб олган цехлар 59,9 млн сўм зарар келтиргани аниқланди

Маълум бўлишича, оҳак ишлаб чиқарувчи цехларнинг раҳбарига нисбатан газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Денов тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.А. тумандаги “Тотувлик” ва “Қўзичоқли” маҳаллаларида жойлашган оҳак ишлаб чиқариш цехларида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳаракати билан фуқаро “Ҳудудгаз Сурхондарё” филиали манфаатларига 59,9 млн сўм зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 1852-моддаси, яъни газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик бўйича билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишга оид жиноятларни аниқлаш МИБдан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилган эди. Фармонда электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси – ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ табиий газдан энг кўп ноқонуний фойдаланган ҳудудлар маълум қилинган, «Ўзбекнефтгазинспекция» бошқарма бошлиғи Абдужаббор Позилов 2020 йил давомида Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳисобига давлат бюджетига энг кўп зарар етказилганини айтган эди.

2020 йилнинг 10 ойида республика бўйича 2183 та ҳолатда 62 млн куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига 67 млрд сўмлик зарар етказилган.

Top