21:08 / 10.01.2021
9591
«Коронавирус университетлар интиҳосини бошлаб берди» — исроиллик социолог қарашлари

Университетларнинг ҳозирги модели бундан буён ўзини оқламайди, демоқда исроиллик олимлар Тамар Альмог ва Оз Альмог. Уларнинг фикрича, университетда жамланган илмий тадқиқот ва таълим бериш функцияси айри ҳолатда бўлиши лозим.

Фото: KU Leuven Libraries

Ҳанузгача ўрта асрлар модели асосида фаолият кўрсатиб келаётган академик муассасаларни тубдан ўзгартириш керак, деб ҳисоблайди Исроилнинг Ҳайфа университети ўқитувчилари – доктор Тамар Альмог ҳамда социолог ва тарихчи, профессор Оз Альмог.

Олимлар университетлар коронаинқироз даврида ўзини оқламаганини айтиб, улар туб ислоҳ қилишга муҳтожлигини билдиришган.

Альмогларнинг бу бўйича қарашлари 2020 йил августида чоп этилган «Академия: барча ёлғонлар» («Academia: All the Lies») китобида баён этилган. Китобдаги фикрлар илмий давраларда баҳсларга сабаб бўлгани боис The Brussels Times нашри муаллифлардан бири Оз Альмог билан суҳбатлашди.

«Таҳлилларимизга кўра, академик тизимда мавжуд муаммолар кичик ўзгаришлар билан ҳал қилинадиган арзимас масалалар эмас. Мавжуд университетлар модели узоқ йиллар давомида ўзини оқлаб келган, аммо ҳозир эмас. Бизга мутлақо янги моделдаги фан ва олий таълим керак.

Моҳиятан олиб қараса, муқобил вариантлар аллақачон бўй кўрсата бошлади. Юқори сифатли таълимни таклиф қилувчи, академик бўлмаган кўплаб муассасалар мавжуд. Уларнинг айримлари яхши натижа кўрсатмоқда. Саноқсиз маърузалар, курслар, турли форматдаги кўнгилочар таълимий дастурларни таклиф қилишмоқда. Бундай интеллектуал машғулотларга талаб катта. Улар муваффақиятга эришаётганининг боиси – синфхоналардаги зерикарли маърузаларни таклиф қилмаётганидадир», дейди Оз Альмог.

Унинг фикрича, академик тизимда туб ўзгаришлар бўлмаётганига бозорнинг ёпиқлиги ва академик доиралар ҳақида қотиб қолган қарашлар сабаб бўлмоқда.

«Ўзгариш қилиш учун икки нарса муҳим. Биринчидан, олий таълим муассасалари монополиясини бекор қилиш, кўп иштирокчи ва минимум назоратчилардан иборат бўлган очиқ рақобатбардош бозорни ҳосил қилиш лозим.

Иккинчидан, таълим бериш ва илмий тадқиқот олиб бориш бир-биридан айри ҳолатда бўлиши керак.

Ҳозирги университетлар ўрта асрлар моделига асосланган. Ўша пайтда профессорларга ҳамма нарсани билувчи лордлардек қаралган.

Эркин бозор фақатгина талаб ва таклифга асосланади, деб бўлмайди. Давлат маблағлари ва ҳомийлик ташкилотлари орқали молиялаштириладиган таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари мавжуд бўлади. Ҳозир бу борада давлат харажатларининг жуда катталиги, аммо ҳеч қандай режанинг йўқлиги одамнинг кулгисини қистайди.

Бугун давлат университетлари даромад келтиришга ёки ўзининг мавжудлигини қандайдир усулда асослантиришга ҳаракат қилмайди. Чунки уларга нисбатан реал ижтимоий эҳтиёж бор ёки йўқлигидан қатъи назар, субсидия олишади. Давлат уларнинг банкрот бўлишларига йўл қўймаслигини жуда яхши билишади.

Албатта, мамлакатлар ва улардаги университетларда дисциплина турлича бўлиши мумкин. Аммо бутун дунё бўйлаб академик доиралар у ёки бу шаклда барибир ҳам ўша эскирган модел асосида ишлайди. Шу боис ҳеч бир таълим муассасаси инқироз ва унинг оқибатларидан қочиб қутула олмайди», дейди олим.

Ознинг таъкидлашича, юқори рейтингга эга университетларда илмий тадқиқотлар ҳам, таълим жараёни ҳам бирдек яхши олиб борилиши афсона холос.

«Таълим муассасасининг нуфузли экани унда таҳсил яхши олиб борилишини билдирмайди. Баъзида илмий тадқиқотлар олиб борилмайдиган, фақатгина таълим беришга асосланган кичик коллежлар юқорироқ сифатни кўрсатишади. Чунки олий таълим масканларида профессор-ўқитувчилар таркиби аъзоларнинг педагогик кўникмаларидан эмас, балки уларнинг тадқиқотлари моҳиятидан келиб чиқиб тузилади», дейди у.

Шунингдек, олим пандемия туфайли бутун дунёда онлайн таълим форматига ўтилганини «вазият тақозоси» деб баҳолаган.

«Агар танлов имконияти ўзларида бўлганида, университет ва коллежлар ҳеч қачон онлайн таълимга бу тарзда оммавий ўтишмасди. Вазият тақозоси билангина шундай бўлди.

Меҳнат бозорининг катта қисми аввалгидек офисда ишлаш тартибига ўтмайди, масофавий иш шаклини сақлаб қолади. Худди шу сингари, университетлар ҳам тўлиқ аввалги анъанавий тизимга қайтишмайди.

Коронавирус барча ўқитувчиларни онлайн таълимга ўтишга мажбурлаши табиий ижтимоий эволюцияни тезлаштириб юборди. Zoom'даги кўплаб маърузалар ўта содда услубда ташкил этилган бўлса-да, кўплаб ўқитувчилар унинг афзалликларини ҳис қилишмоқда.

Асосий муҳим жиҳат шундаки, талабалар ҳам бу эгилувчан форматнинг қулайликларини билишди, чунки университет кампусига қатнашга энди ҳожат йўқ.

Онлайн таълим инқилоби ҳозир ҳомила ҳолатида. Юқори технологиялар бу бозорга тўла кириб келгач, таълим тизимида ўйин қоидаларини мутлақо ўзгартириб юборадиган технологик мўъжизалар рўй беради.

Бозор таълимнинг барча шакллари учун очилиши керак. Биринчи навбатда касбий таълим учун. Чунки ёш кадрлар ва иш берувчилар энг кўп шу шаклга эҳтиёж сезади. Бунда иш берувчилар янги кадрнинг муайян касбий кўникмаларга эга бўлиш билан бирга унда тил билиш, жамоада ишлай олиш, янги нарса ўргана олиш, абстракт тафаккур қила олиш каби қобилиятлари ҳам шаклланишини хоҳлашади. Аммо бу истак орасида университетлар ишончни оқлай олаётгани йўқ», деган профессор Оз Альмог.

Top