20:02 / 19.01.2021
4281
Ҳиндистонда коронавирусга қарши эмланганларнинг икки нафари вафот этди

Мамлакатда оммавий эмлаш кампанияси 16 январда бошланди. Уч кун ичида 381,3 минг киши эмланган бўлиб, 580 кишида ножўя таъсирлар кузатилган.

Фото: PTI Photo

Ҳиндистонда коронавирусга қарши маҳаллий вакцина билан эмланган икки киши вафот этди. Бу ҳақда India Today нашри хабар берди.

Хабар қилинишича, жами 580 нафар кишида вакцинанинг ножўя таъсирлари кузатилган бўлиб, бу асосан ҳарорат кўтарилиши, кўнгил айниши ва бош оғриши бўлган. Етти киши оғир асоратлар билан шифохонага ётқизилган, уларнинг икки нафари вафот этган.

Ҳукуматнинг билдиришича, вафот этганлардан бирининг ўлими вакцина билан боғлиқ эмас. Иккинчисининг ўлими сабаблари аниқланмоқда.

Аниқлик киритилишича, вафот этган шахс Муродобод шаҳридаги шифохона ходими бўлиб, у эмланган кунининг эртасига вафот этган. Қариндошларининг сўзларига кўра, у вакцинациядан аввал ҳам ўзини ёмон ҳис этаётган бўлган.

Иккинчи ўлим ҳолати Беллари шаҳрида қайд этилган. Унинг ўлимига инфаркт сабаб бўлгани айтилмоқда.

The Times of India нашрининг ёзишича, мамлакатда оммавий эмлаш кампанияси 16 январда бошланди. Уч кун ичида 381,3 минг киши эмланган бўлиб, 580 кишида ножўя таъсирлар кузатилган.

 Мамлакатда AstraZeneca компаниясининг Covishield ва Bharat Biotech компаниясининг Covaxin вакциналаридан фойдаланишга рухсат берилган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top