07:33 / 20.01.2021
34264
Рангларга ажратилаётган мактаблар, сифати ошмаётган таълим ва мотивациясиз шаҳар ёшлари — Шерзод Шерматов билан суҳбат

Бугун мактаб таълими ҳақида кимдан фикрини сўраманг, у албатта таълимдаги сифат пастлигидан шикоят қилади. Ҳақиқатда, бугун мактаб таълимини ривожлантириш бўйича кўплаб таклифлар, лойиҳалар ва экспертлар фикрлари айтилаётганига қарамай, улар дарс жараёнларига кириб бормаётгандек.

Биз мавзу атрофидаги шу каби кўплаб саволлар юзасидан халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан интервью уюштирдик.

— Шерзод ака, назаримда, мактаб таълимидаги сифатнинг пастлигига йиллар давомида пайдо бўлган турғунлик ҳам сабаб. Яъни ўқитиш жараёнини яхшилаш бўйича жуда кўп таклифлар айтилмоқда, лекин жойларда деярли барча ўқитувчилар эски қолипда ишлашни давом эттирмоқда.

Хўш, экспертлар, чет эллик мутахассислар, ўзимизнинг мутахассислар таклиф қилаётган янгиликларнинг амалиётга кириб боришида нималар тўсиқ бўлмоқда?

— Мактаб таълими деганда барибир ўқитувчи назарда тутилади. Бу тизимда ярим миллионга яқин ўқитувчи ишлайди.

Уч-тўрт йил аввал ўқитувчидан дарс сифатини талаб қилиб бўлмас эди. Чунки ўқитувчи ўзининг ишидан бошқа барча иш билан шуғулланар, қоғозбозликка кўмилган эди.  

Ўқитувчидан вақтида пахтасини териш, кўчасини супуриш ва шу каби бошқа ишлар натижаси сўралган холос. Ўша пайтда ўқитувчилар орасида «болалардан озод қилиб қўйсангиз, ҳамма ишни бажарамиз», деган истеҳзоли гаплар бўлган.

Аммо президент Мирзиёев иқтидорга келгач, бу тизимда ўзгаришлар кузатилди. Яъни тизимга ўқитувчи ўзининг ишини қилсин, деган ғоя қайтди.

Албатта, бунга келиш ҳам осон бўлаётгани йўқ, яъни ўқитувчиларни қандайдир дала ишлари, ёки ўзига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилиш каби ҳолатлар ҳамон бор. Ва ОАВ ёрдамида бу каби ҳолатларни ҳам йўқ қилишга ҳаракат қилиняпти.

Ҳозир ўқитувчи дарсга қайтди – бу яхши, лекин эндиликда яна бир муаммо бор. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам дарс жараёнларида сифатни қандай ошириш борасида фикр, тушунчага эга эмас.

Шу боис, биз яқиндан мактабларни таълим сифатига қараб тўқ қизил, оч қизил, сариқ ва яшил рангда  таснифладик. Бунда бирорта ҳам ўқувчиси ОТМга кирмаган мактаблар тўқ қизил рангда, 10 фоизгача ўқувчиси ОТМга кирган мактаблар оч қизил, 30 фоизгача ўқувчиси ОТМга кирган мактаблар сариқ ва ўқувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичи 30 фоиздан ошган мактаблар яшил рангда белгиланди.

Биз эндиликда қизил рангга олинган мактаблар билан кўпроқ ишлаяпмиз. Ҳозир республика миқёсида 692та шундай мактаблар бор.

— Ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам дарс жараёнларида сифатни қандай ошириш борасида фикр, тушунчага эга эмас, дедингиз. Уларнинг малакасини ошириш бўйича нима иш қилиняпти?

— Мактабларда айнан малакали ўқитувчиларга талаб жуда юқори. Лекин ушбу графикда кўришингиз мумкинки, атиги 3 фоиз ўқитувчи олий тоифага, 11 фоизи эса биринчи тоифага эга. Яъни, умумий 14 фоизгина ўқитувчини яшил категорияга ажратсак бўлади.

Булар нафақат мактаб директори томонидан эъзозда, балки ота-оналар ҳам айнан шундай малакали ўқитувчиларни репетитор сифатида қўшимча дарс беришга кўндиришга ҳаракат қилишади.

Қизил категориядаги мактабларга борилса, аксариятида умуман олий тоифали ўқитувчи йўқ экани кўринади. Аксинча, яшил категориядаги мактабларда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар ҳам нисбатан кўпроқ бўлиб чиқяпти.

Энди, қуйироқдаги графикка эътибор берсангиз, яшил категорияли ўқитувчилар «педставка»га нисбатан кўп эмас, аксинча жойларда уларга талаб жуда юқори.

Қизил категориядаги, яъни тоифасиз ўқитувчилар орасида ва умуман олий таълимда ўқимаган ўқитувчилар орасида айнан бир ўқитувчи ўрнида бир неча ўқитувчи ишлаётгани графикдан яққол кўринади. Бунинг натижасида уларнинг ҳақиқатда олаётган ойлиги ҳам анчагина камаяди. Ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар умумий ўқитувчиларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. 80 минг ўқитувчи кўпроқ дейилгани ҳам айнан ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар орасидадир.

Шу сабабли, қизил категориядаги ўқитувчиларимиздан кўпроқ ўз устиларида ишлаб, ўз фанларини чуқурроқ ўрганиб, навбатдан ташқари малака тоифа имтиҳонларидан ўтиб, ўз тоифаларини оширишларини сўраймиз. Шу орқали уларнинг ойлик маошлари ҳам ошади. Тоифасиз ўқитувчи ва олий тоифали ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқ ҳам анчагина, шунингдек, хабарингиз бор юқори тоифали ўқитувчидан соат ортиб қолсагина пастроқ тоифа ўқитувчига бериладиган тартиб жорий этилмоқда. Бу эса малакали ўқитувчининг ойлиги яна ошишига ёрдам беради. Бундан буёғига ҳам ойлик ошириш бўйича сиёсат юқори малакали ўқитувчи билан тоифасиз ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқни оширишга қаратилади.

Ўқитувчи бошқа туманга ишлаш учун борганига 50 фоиз, бошқа вилоятга борганига эса 100 фоиз қўшимча тўланиши ҳам фақат олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларга тааллуқли бўлгани ҳам бундай ўқитувчиларимиз ўз устиларида ишлашлари учун қўшимча стимул бўлади деб умид қиламиз.

Ўқитувчининг ўз касбини ҳамда болаларни севиши, ўз малакасини доимий ошириб бориши энг муҳим масаладир ва қолган ташқи факторлар иккиламчи. Масалан, яқинда Булунғур туманидаги 2 та тўқ қизил категориядаги мактабларга ташрифимиз чоғида шунга гувоҳ бўлдикки, аввало, уларнинг моддий техник ҳолати ўша тумандаги яшил мактабникидан яхшироқ экани, ҳамда қизил мактаблар битирув синфларидаги ўқувчилари сони 15,16 ва 19 нафарни ташкил этгани ва аксинча яшил мактабда ўқувчилар сони синфда бундан анча кўп бўлган.

Ҳозир эса ўқитувчидан фақат ўз устида ишлаш, ҳамда ўқувчиларнинг натижага эришишларига ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳозирнинг ўзидаёқ, дарҳол қизил категориядаги ўқитувчига чора кўрилсин деб айтилгани йўқ. Асосий мақсадимиз таълим сифатини оширишга биргаликда ҳаракат қилиш. Ўқитувчилар орасида ҳам соғлом рақобат шаклланиши барча мактабларда таълим сифати ошишига ёрдам беради.

—Ўқувчининг мактабда яхши билим олиши ўқитувчининг қай даражада мотиватор эканлиги ва болага берадиган мотивациясига ҳам боғлиқ.

— Ҳа, юқорида Булунғур тумани мисолида тўқ қизил рангдаги мактабларга борганим ҳақида гапирдим. Ўша туманда биттагина яшил мактаб бор экан. У бечоранинг иссиқлик тизими ҳам яхши ишламас экан. Чунки борганимизда совуқ хонада ўтирдик.

У ерда фидойи ўқитувчилар бор. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса ва ҳар доим ҳам моддий техникага боғлиқ бўлавермайди. Албатта, таълим олишга шароит бўлиши керак. Аммо булар бўлди дегани таълим сифати яхшиланди дегани эмас. Энг асосий масала ўқитувчида ва у бера оладиган мотивацияда.

Икки йил аввал Нобел мукофотини олган иқтисодчилар таълимнинг қайси йўналишига пул ажратса яхши бўлиши борасида тадқиқот ўтказиб кўришган.

Бунда дейлик, 1 доллар бино таъмирига, 1 доллар болага компютер олиб беришга, 1 доллар ўқитувчининг ойлигини оширишга ва яна 1 доллар боланинг таълимга бўлган мотивациясини оширишга сарфланган. Натижалар шуни кўрсатдики, боланинг мотивацияси учун сарфланган пул бошқаларига қараганда 15 баробар кўп фойда келтирган.

Узоқ қишлоқлардаги мактабларга кўп борамиз. Эътибор берганим, у ерларда болалар кўпроқ ўқишга ҳаракат қилади. Жуда бўлмаса, шу оғир шароитдан чиқишга ҳаракат қилади.

Қишлоқлардаги болалар Тошкентга бориб ўқийман, дея ҳаракат қилади. Бу ҳаёт учун курашдаги энг катта йўналиш.

Энди Тошкентдаги ўртача шароитли оилани олайлик. Бу ерда ота-она боласи учун ҳамма нарсани қилиб берган. Айнан ота-она боласи учун машина олиб беради, уйлантириб қўяди. Уйлантиргандан кейин ҳам ўзи боқади. Шу сабаб болада мотивация бўлмай қолган.

Тошкентлик болалар мендан хафа бўлмасин, ўзим ҳам тошкентлик, эски шаҳарликман. Кўпчилик тошкентлик ёшларнинг ҳаётда мотивацияси йўқ. Чунки уларнинг ҳамма нарсаси бор. Шунинг учун ҳам биз болага мотивация бериш йўлларини  ўйлашимиз керак.

Японларда шундай мақол бор: «Агар кимдир ўз ҳаракатлари орқали яхши натижаларга эришса-ю, лекин уларнинг фарзандлари кайф-у сафо билан овора бўлса, уларнинг набиралари тиланчилик қилади». Яъни бу ҳам ўртаҳолдан сал яхшироқ яшайдиган оилаларга тегишли масала.

Кўпчилик ота-оналар катта ишларда ишлайди, лекин уларнинг оилага келишга, боланинг ёнида бўлишга вақти йўқ. Оқибатда улар боласига берадиган меҳрни пул билан компенсация қилишга ҳаракат қилади. Кўп пул беради, совғалар олиб беради. Натижада «олтин бола» шаклланади.

Шу муҳитда ўсган «олтин бола» табиийки, ўз вақтини кафе, ресторан, чойхона, тоғ ва бошқаларга бориш билан ўтказади. У бориб-бориб ота-онасини шарманда қиладиган болага айланади.

Америка Қўшма Штатларида ҳам жуда кўп миллиардерлар бойлигининг катта қисмини хайрия фондларига ўтказади. Чунки, улар топган пулнинг ҳаммаси боласига қолса, дангаса бўлиб қолишидан қўрқади.

— Кўпчилик ўқитувчилар фикрича синфларда болалар сонининг ҳаддан зиёд кўплиги муаммоли вазият экан. Бу ҳақли эътироздек туюлади. Чунки болаларнинг билим олишга интилиши ва иштиёқи ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Айтинг-чи, халқ таълими тизимидан  яқин йиллар ичида мана шу борада қандайдир ислоҳотлар кутишимиз мумкинми?

— Кўп нарса пулга боғлиқ. Оддий бир мисол. Биз шу масалада икки, учта таклиф билан чиққанмиз. Лекин ҳар бир таклифнинг орқасида ҳам пул туради.

Ҳозирги вақтда битта синфда болалар сони 35та бўладиган бўлса-ю, уни 24тага камайтирмоқчи бўлсак, йилига ўртача 9 трлн қўшимча пул керак. Агар бюджетимиз 20 трлн сўм бўлса, яна 9 трлн керак бўлади. Бу жуда катта пул.

Худо хоҳласа, бунга ҳам келармиз, лекин шу пулни берди дегани сифат ўсиб қолишини ҳам англатмайди. Сабаби юқоридаги ҳолат. Яъни бизда яхши ўқитувчиларнинг ўзи етишмайди.

Мен сизга юқорида яшил категориядаги ўқитувчиларнинг фоизини айтдим. У атиги 14 фоиз. Бу дегани синф сони кўпайтирилса, ўқитувчи сони ҳам кўпайиши керак.

Яна Булунғур тумани мисолида гапираман. Ўша жойда тўқ қизил рангга олинган икки мактабнинг бирида ўқувчилар сони 15та, иккинчисида 16та экан. Шу икки мактабнинг бирорта ўқувчиси ҳам ОТМга киролмаган. Ҳар доим ҳам 15та, 16та ўқиди дегани сифатли ўқиди дегани эмас.

Мен ҳам синфларда ўқувчи сони камайиши тарафдориман, лекин бу нарса иқтисодиётимизга боғлиқ. Биз ижро этувчи ҳокимият фақат ажратилган бюджет доирасида ишлаймиз.

Биз ажратилган бюджетни сифатли сарфламоқчи бўлсак, сифатли ўқитувчини тайёрлашга ва уларнинг сонини кўпайтиришга эътибор қаратишимиз керак.

— Педагогика университетларини битириб ўқитувчиликка келаётган ёш кадрлар сифати сизни қониқтирадими?

— Университетларни хафа қилмоқчи эмасман, лекин йўқ.

Фикримни иккита факт билан келтираман. Биринчиси, университетларнинг миллий рейтингида педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари доим энг пастда бўлиб келяпти. Шунинг ўзи саволингизга жавоб бўлади.

Иккинчи факт, рус тилини ўқитиш учун россиялик мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келганимизда кўринди. Бу жараёнда биз 4 мингдан ортиқ ўқитувчиларимизнинг рус тили бўйича билимини текширдик. Натижалар шуни кўрсатдики, ёши катта ўқитувчиларнинг билим даражаси билан ёш, ОТМни энди битириб келган ўқитувчиларнинг билим даражасида ер билан осмонча фарқ бор.

Шунинг ўзини ҳам педагогика университетларини битириб келган ёш кадрларнинг натижаси деб билса бўлади.

Мен педагогика университетларини ёмонлаш мақсадида гапирмаяпман. Бунинг ҳам бир нечта объектив сабаблари бор.

Биласиз, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин «бозор иқтисодиёти» дейилди-да, зиёли одамларнинг жамиятда обрўйи кетиб қолди. Академиклар ҳам керак бўлса, бозорга чиқиб савдо ёки таксистлик қилди. Жамиятда қадриятлар ўзгариб кетди.

Авваллари ёшлар олим ёки профессор бўламан, деган бўлса, ҳозирги ёшларнинг фикри савдо-сотиқ, бизнес очиш.

Бу бир категория бўлса, иккинчи категория уларни текширувчилар: солиқчи, божхоначи, прокурор, ДХХ.

Одамзод шундай – кўргани бўйича баҳо беради. Ёшлар ҳам фикрлайди. Кимнинг уйи чиройли? Ким яхши автомобилда юради?

Шу маънода йиллар давомида зиёли кишининг жамиятдаги қадри тушиб борди. Мен ўтмишга тош отмоқчи эмасман, шунчаки муаммонинг ҳақиқий сабабларини санаяпман.

Йиллар давомида ўқишга кириш учун энг кўп номзодлар Тошкент давлат юридик университетига бўлиб келди. Унга киришнинг кўчадаги «ставка»лари ҳам энг баланд бўлиб келди. Педагогиканики эса энг паст.

Демак, яхши ўқийдиган, ҳаракатчан ёшлар ҳуқуқшунослик, иқтисодиёт, молия каби йўналишларга кетаверди. Ҳеч қаерга киролмайдиганлар эса педагогикага келди. Шу ҳолатнинг ўзида биринчи саралаш.

Кейингиси педагогика университетларини энг юқори натижа билан битирган ёшлар ҳам мактабдан бошқа ҳамма жойга бориб ишлади.

Йиллар давомида шундай бўлиб келди. Педагогикани энг паст натижа билан тугатганлар мактабларга бориб дарс берди. Табиийки, мактабларда ҳам билим бериш даражаси тушиб борди. Шунча йиллик ишларнинг натижасини ҳозир кўриб турибмиз.

Ҳозир бу циклни 180 даражага ўзгартириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу озми-кўпми ўз натижасини беряпти. Масалан, 2-3 йил аввал мактаб болаларининг аксариятидан «ўқитувчи бўласанми?», деб сўралса «йўқ» жавобини берарди. Уларнинг ота-онаси ҳам йўқ дерди. Энг ёмони ўқитувчиларнинг ўзидан фарзандингиз ўқитувчи бўлишини хоҳлайсизми, деб сўралса, улар ҳам йўқ дерди. Эндиликда вазият аста-секин ўзгаряпти.

— Мактаб таълимида сифатни ошириш учун жойлардаги бошқарма ва бўлимлар обрўйини ошириш ҳам жуда муҳим.

Яқиндан тизимдаги бошқарма ва бўлимлар вилоят ҳамда туман ҳокимлари бошқарувига берилди. Яъни, эндиликда Халқ таълими вазирлигининг бошқарма ва бўлим раҳбарлари ҳокимларга маслаҳатчилик қиляпти.

Айтинг-чи, шахсан сизни бу ўзгариш қониқтирдими? Чунки жойларда айрим ҳокимларнинг аввало ўзида билим ва тарбия масаласи бироз оғир.

— Бутун дунёда вилоят ва туман ҳокими биринчи навбатда мактаб таълими, яъни ижтимоий соҳа билан шуғулланади. Бизда эса ҳокимлар йиллар давомида пахта билан шуғулланиб келди. Уларга фақат пахтадаги натижаси учун баҳо қўйилган.

Авваллари ҳокимларнинг ўзида мустақил пул ҳам бўлмасди. Ҳамма пул марказда эди. Шунинг учун ҳокимлар бирор иш қилмоқчи бўлса, бунга кимдандир мажбурлаб пул оларди.

Ҳозирда уларнинг қўлида кўпроқ пул қолдириш сиёсати бўляпти. Эндиликда ҳокимларнинг рейтингига мактаблардаги сиёсати ҳам таъсир қилади. Бундан буёғига қайси ҳоким мактаб билан ишласа – яхши ҳоким, қайси бири ёрдам бермаса – ёмон ҳоким.

Ҳозирги ҳокимларнинг тўрт йил аввалги ҳокимлар билан анча фарқи бор.

Тўғри, қайсидир ҳокимларнинг баъзида ҳақоратли аудио ва видеолари чиқиб қоляпти. Бундай ҳолатларда айбдорлар жазоланиши керак. Жамият шаклланиши керак.

Умуман ҳокимият тизимларининг реформаси бўйича президент ўз мурожаатномасида айтди. Масалан, эндиликда ҳокимлар маҳаллий кенгашларга ҳисобот берадиган даражага чиқиши керак. Унга борилади ҳам.

Лекин мактабни ҳокимиятдан ажратиб бўлмайди. Чунки мактабларнинг жуда кўп молиявий масалалари ҳокимиятларга боғлиқ. Масалан, мактабларнинг ойлиги республика бюджетидан берилади.

Инвестиция дастури бўйича мактабларни қуришга пул ажратилади ва буни ҳам ҳокимият қошидаги ягона буюртмачи хизмати қилади.

Вазирлик тизимидаги бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳокимларга маслаҳатчи қилинишининг сабаби ҳам шундаки, улар масалани бемалол ҳокимларга олиб кира олсин.

Ҳозир ҳокимларнинг ўзида пул ресурси ҳам бор. Кимдир унга автомашина харид қиляпти. Тушунган ҳокимлар эса мактабларни тўғрилаяпти.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Top