12:23 / 26.01.2021
6993
Имомали Раҳмон: COVID-19 пандемиясига қарамай, Тожикистонда ҳаёт яхшиланди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бугун мамлакат парламентига мурожаат билан чиқиб, 2020 йилда Тожикистон коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли иқтисодий муаммолар ва ишсизликнинг ортишига дуч келганини маълум қилди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўз мурожаатида COVID-19 пандемияси тарқалиши муносабати билан мамлакат ҳукумати миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун фавқулодда чоралар кўрганлигини таъкидлади

«Ўтган йили мамлакатда фуқароларнинг ҳаёти бир оз бўлса-да, барибир яхшиланди», деди президент. 

Имомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати ўтган йили миллий соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1,6 миллиард сомоний ажратди, мамлакатда 30га яқин янги касалхоналар зудлик билан фойдаланишга топширилди.

Пандемияга қарши курашиш учун касалхоналарда янги беморлар учун 7 мингдан ортиқ янги ўринлардан фойдаланилган бўлиб, уларга 5 400 тиббиёт ходими хизмат кўрсатди. 

Тожикистон ҳукумати пандемия пайтида маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 450 миллион сомоний миқдорида турли хил имтиёзларни тақдим этди. Уларга қарийб 4 миллиард сомоний миқдорида имтиёзли кредитлар таклиф қилинди. 

Ўтган йил давомида мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан 28 фоизга ўсди. 

Президент 2020 йилда маҳаллий тадбиркорлар 18 300та янги объектни ишга туширганини, у ерда 193 мингга яқин Тожикистон фуқароси иш билан таъминланганлигини таъкидлади. 

Имомали Раҳмоннинг таъкидлашича, ўтган йили мамлакатнинг 111 минг фуқароси Тожикистондан меҳнат миграцияси учун чиқиб кетган, ўтган йилларда бу кўрсаткич 450-480 минг кишини ташкил этган.

«Биз маълум даражада Тожикистоннинг ўзида эҳтимолий меҳнат муҳожирларининг маълум қисмини иш билан таъминлашга муваффақ бўлдик», деди у. 
 
Президентнинг сўзларига кўра, пандемия оқибатларига қарамай, ўтган йили Тожикистон иқтисодиётининг ўсиши 2019 йилга нисбатан 4,5 фоизни ташкил этди, 2020 йилда мамлакат ЯИМ 82,5 миллиард сомонийга тенг бўлди.

Унинг таъкидлашича, ўтган йили Тожикистон ўз иқтисодиётига 15 миллиард сомонийга яқин хорижий инвестицияларни жалб қилишга муваффақ бўлган, бугунги кунда мамлакатда умумий қиймати 55 миллиард сомоний бўлган 70дан ортиқ умуммиллий лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Бундан ташқари, Имомали Раҳмон бу йил мамлакатда маблағларни легаллаштириш бўйича амнистия эълон қилинишини айтиб ўтди. 

Унинг сўзларига кўра, бундай амнистиялар дунёнинг кўплаб мамлакатларида мунтазам равишда эълон қилинади, аммо Тожикистонда мустақиллик йилларида бу атиги бир марта кузатилган.

Top