20:38 / 26.01.2021
5221
Вазир: «Бюджетдан орттирилган пулларни халқ таълимига йўналтириш бўйича ҳудудлар ўртасидаги тафовут жуда катта»

2019 йил бюджетидан орттирилган маблағларнинг халқ таълими тизими учун ажратилиши ҳолати бўйича юқори ўринда Қорақалпоғистон Республикаси қайд этилган – 100 млрд сўм ёки жами орттирилган маблағларнинг 21 фоизи.

26 январ куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди.

Унда «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг умумий ўрта таълимга оид қисми ижроси юзасидан ахборот берган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов яна бир қатор масалалар бўйича Сенатдан ёрдам сўради, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маҳаллий бюджетдан орттирилиб бажарилган қисмидан халқ таълими муассасаларига йўналтириш ишлари амалга оширилмоқда. Лекин бу кўрсаткич ҳамма ҳудудда ҳам бир хил эмас. Улар ўртасидаги тафовут жуда ҳам катта.

Масалан, 2019 йил бюджетидан орттирилган маблағларнинг халқ таълими тизими учун ажратилиши ҳолати бўйича юқори ўринда Қорақалпоғистон Республикаси турибди – 100 млрд сўм ёки орттирилган маблағларнинг 21 фоизи. Бу борада Андижон вилояти 118 млрд сўм (25 фоиз), Тошкент шаҳри 58 млрд сўм (12 фоиз) ажратган бўлса, Самарқанд вилояти 11 млрд сўм (3 фоиз), Сирдарё вилояти 4,4 млрд сўм (1 фоиз), Бухоро вилояти эса 2,9 млрд сўм (0,6 фоиз) ажратган», – деди халқ таълими вазири.

Унинг алоҳида таъкидлашича, ҳудудларда маҳаллий бюджетдан орттирилиб бажарилган маблағларни мактабларни ривожлантиришга йўналтириш келажак авлодни тарбиялашда ўзининг катта натижасини беради.

«Шунингдек, 5 та ташаббус доирасида мактабдан ташқари таълим тизимини ҳам ривожлантиришга (спорт ва фаоллар залларини жиҳозлаш, мусиқа асбоблари ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш) йўналтирилса, мақсадга мувофиқ бўлади», – деди Шерзод Шерматов.

Top