16:01 / 28.01.2021
63915
«Ҳамма жойда коррупция, ҳамма жойда ўғрилик» — Мирзиёев бош прокурорга топшириқлар берди

Ўзбекистонда коррупционерлар рўйхати тузилади. Бош прокурорга бир ой ичида барча ҳудудларга коррупция бўйича «ташхис» қўйиш вазифаси юклатилди.

Президент 27 январ кунги селекторда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга туманларда коррупция бўйича ўрганиш ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ҳамма жойда коррупция. Ҳамма жойда ўғрилик. Қўлимизда аниқ ҳужжатлар бор. Йўл қурилишида коррупция, сувда, светда коррупция. Мактаб, коллежлар қурилишида ҳам.

Ижтимоий тармоқларда, сайтлардаям ёзишяпти бу ҳақда ҳар куни.

Бош прокурор 1 ойда ҳамма туманни коррупция бўйича «диагнози»ни қилади. 1 ойдан кейин Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгаш йиғилишини ўтказади.

Шунгача у ҳар бир туманга ташхис қўяди, нега «касалланган», нега «тузалмаяпти», ким қўллаб-қувватлаяпти уларни», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев бош прокурорга коррупцияга қўл урган шахслар рўйхатини тузишни ҳам топширди. Президентнинг айтишича, уларнинг масаласи «кейин кўриб чиқилади».

«Янги Ўзбекистонни бундай ҳокимлар, бундай одамлар билан қуриб бўлмайди. Бу боғча эмас. 35 миллионлик аҳолимизни боқиш керак», – деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, президент бир неча кун олдин Бухоро вилоятига ташрифи вақтида ҳам коррупция ҳақида гапирган эди.

«Қандай қўпол бўлмасин, бу – жамиятимиздаги ҳақиқат. Ўзбекистонда коррупцияни йўқ қила олмаяпмиз. Прокурор деган номга муносиб бўлиш керак! Қонун устуворлигини таъминлаш керак. Прокурорга одамлар, биласизларми, ёруғ юз билан қараши керак, ўғрига қарагандек қараши керак эмас», – деганди Шавкат Мирзиёев.

Top