21:38 / 28.01.2021
9434
Сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар: депутатлар қандай таклифлар беришмоқда?

27 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида Акмал Саидов бошчилигида сайлов қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда депутатлар, қўмита аъзолари сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўз таклифларини беришди.

Ўзбекистон Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ, бир гуруҳ депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан:

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига,

– «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига,

– Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 29та моддасига,

– «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 6та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Худди шундай норма «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасида ҳам бор.

Сайлов кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:

– сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда.

– сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда.

– сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Шунингдек, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунга сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботни ҳамда Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби киритилмоқда.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида партия раҳбари ва фаол депутатлар ҳам ўз таклифларини беришди.

ЎзМТДП раиси Aлишер Қодиров Сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасига киритилаётган айрим ўзгаришларда сиёсий партиялар уставида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли Адлия вазирлиги томонидан белгиланишига эътибор қаратди.

 «Албатта, бу норма шу бугунги кунга қадар ишлатиб келинаётган норма. Ҳеч ким эътироз билдирмаган ва Адлия вазирлиги сиёсий партиялар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу формани амалга оширган ҳамда ҳисобот жараёни давом этиб келган. Лекин амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, халқаро жамоатчилик ҳар бир сайловдан кейин Ўзбекистонда сайлов жараёнларига қандайдир ўзининг эътирозларини билдирмоқда. Бизнинг таклифимиз бўйича Адлия вазирлигига шу ваколатни бераётган эканмиз, битта жумлани қўшиб кетсак - «сиёсий партиялар билан маслаҳатлашган ҳолатда ҳисобот шаклини амалга оширади». Бу орқали келгусида бўладиган эътирозларнинг олдини олиб кетган бўлар эдик», деди Қодиров.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам киритилаётган ўзгартиришларга ўз таклифларини билдириб ўтди.

«Мен сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонуннинг 6-10-моддасига киритилаётган ўзгаришлар, яъни ғазначиликда ҳисоб варақа очилиш масаласини кўтарган эдим. Ғазначиликда ижронинг ўз талаблари бор. Ғазначиликда ҳисоб варақа очилиб, харажатлар ғазначилик орқали амалга ошириладиган бўлса, биринчи навбатда шартнома имзоланганда ғазначиликка бериш керак ва пулни чиқараётганда ҳам буюртма асосида ғазначилик, яъни ижро ҳокимияти вакили томонидан тугма босилгандан кейингина тўлов амалга оширилади.

Бу қайсидир маънода сиёсий партиялар мустақиллигига таъсир қилмайдими деган савол туғдирди. Чунки истаймизми йўқми ғазначилик бу ижро ҳокимиятининг бир органи. Яъни Молия вазирлигининг қошидаги бир орган. Сиёсий партия Олий Мажлисга сайланадиган бўлса, Молия вазирлигини керак бўлганда танқид қиладиган даражада мустақил бўлиши керак. Биз бу орқали унинг мустақиллигига чеклов қўймаяпмизми деган савол бор», деди депутат.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top