21:59 / 01.02.2021
9606
Президент тижорат банкларининг инвестиция лойиҳалари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни инвестиция соҳасига доир аввалги топшириқлар ижроси ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Жорий йил 11 январь куни тижорат банклари томонидан жами қиймати 1 миллиард доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан жами қиймати 8,6 триллион сўм бўлган 9та йирик саноат лойиҳаси тақдимот қилинган эди.

Давлат раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ, мазкур лойиҳаларни сифатли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар, муддатлар ва масъуллар белгиланган «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан қўшимча равишда янги инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Тақдимотда ушбу янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, 10та йирик тижорат банки томонидан жами қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 136та янги лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди.

Хусусан, Агробанк томонидан тўқимачилик кластерлари билан биргаликда қўшимча 43та лойиҳа шакллантирилган. Жами 501 миллион долларлик ушбу лойиҳалар натижасида пахта толасини қайта ишлаш даражаси анча ошиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди.

Миллий банк томонидан жорий йилда 225 миллион долларлик 6та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ҳамда Наманган вилоятларида поливинилхлорид ва алюминий ромлар ишлаб чиқариш, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида поезд вагонлари ҳамда юк машиналарига хизмат кўрсатувчи транспорт-логистика марказини ташкил қилиш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Ургут» эркин иқтисодий зонасида 110 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунда, йилига 600 минг тонна пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати пайдо бўлади.

Ипотека банк Қуйи Чирчиқ туманида 27 гектардан зиёд майдонда замонавий логистика фаолиятини ташкил этиш лойиҳасига сармоя киритмоқчи. Бу корхона бир вақтда 120та юк машинаси ва 25та вагонга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.

Асака банк кредити иштирокида пойтахтнинг «Эски шаҳар» ҳудудида Миллий савдо шаҳарчасини ташкил этиш мўлжалланган.

Давлат раҳбари ушбу лойиҳалар аввало иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиши кераклигини таъкидлади.

Иқтисодий комплекс идоралари ишни маҳаллалар даражасида ташкил этиши, тижорат банклари жойларда юқори самарали лойиҳаларни амалга ошириб, айниқса, ёш тадбиркорларга кенг йўл бериши кераклиги қайд этилди.

Бунинг учун маҳаллаларда банкнинг янги бошқарув тизимини йўлга қўйиш, ҳар бир туман ва маҳалланинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда аҳолига ундан даромад топишни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.

Тақдимотда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ташкил этилган саноат зонаси ҳудудида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳам таништирилди. Ушбу саноат ҳудуди 200 гектар бўлиб, унда қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва бошқа бир қатор муҳим соҳаларда жами қиймати 4,6 триллион сўмлик 71та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Top