21:06 / 01.02.2021
8714
Россия қурилиш корхоналари томонидан Ўзбекистонда ўтказилаётган синовлар Сирдарёда ўтказилмайдими?

27-31 январ кунлари Россиянинг иккита қурилиш корхонаси Самарқанд шаҳрида мамлакатнинг 9 та ҳудуди аҳолиси учун Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлов асосида суҳбатдан ўтказди. Ушбу синовда сирдарёликлар ҳам қатнашиши белгиланган эди. Аммо синовларда бу вилоятдан саноқли одам қатнашди. Қолганларга Самарқандга келмаслик ва синовлар Сирдарё вилоятининг ўзида бўлиб ўтиши айтилган. Аммо сўнгги кунларда ташкилотчилар ва иш берувчиларнинг режаси ўзгариб кетди шекилли, энди Сирдарё вилоятида синовлар умуман ўтказилмаслиги ойдинлашмоқда.

Фото: ЎзА

Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграция жорий йил 15-31 январ кунлари «ПИК Индустрия» АЖ ва «Техстрой» МЧЖ қурилиш корхоналари вакиллари Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлов асосида суҳбатдан ўтказишни режалаштиргани ҳақида хабарлар берилган эди.

Хабарларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳолиси учун синовлар Самарқанд шаҳридаги Транспорт коллежи биносида 25-31 январ кунлари ўтказилиши маълум қилинган эди. Аммо графикдан 2 кун кечикиб бошланган бу танловга Сирдарё вилояти фуқаролари юборилмаган. Kun.uz 30 январ куни бу масала юзасидан Сирдарё вилояти аҳолисидан юборилган мурожаат бўйича суриштирув ўтказган ва мақола эълон қилган эди.

31 январ куни Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Сирдарё минтақавий филиали ўзининг расмий каналида Kun.uz’да берилган мақолага нисбатан раддия эълон қилди. Унда, «Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Сирдарё минтақавий филиали Самарқандда бўлиб ўтаётган синовлар тўхтатилгани ҳақида маълумот бермаган» дейилади. Кун.узда берилган мақолада ҳам Самарқандда ўтказилаётган синовлар тўхтатилгани ҳақида ҳеч гап йўқ. Фақат Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликларни Самарқандда бўлиб ўтаётган синовларда қатнашишдан қайтарилгани маълум қилинган.

30 январ куни Сирдарё минтақавий филиали бошлиғи Сирожиддин Исроилов Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб бера туриб «Биз синовда қатнашмоқчи бўлган фуқароларни Самарқандга олиб бориш учун автобусларгача тайёрлаб қўйган эдик. Аммо вилоят ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари рухсат беришмади. Ташкилотчилар синовни Сирдарё вилоятининг ўзида ташкиллаштирмоқчи. Фақат санаси аниқ эмас» деган эди. Раддияда эса гапни умуман бошқа ёққа буриб юборишибди.

Раддияда Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар 31 январдан 3 февралгача Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган синовларда қатнашиши мумкинлиги ҳам маълум қилинган. Аммо Ташки миграция агентлигига маълумот сўраб мурожаат қилганимизда, ходимлардан бири Умид Эргашев 2-3 феврал кунлари синовлар Қашқадарёда бўлиб ўтишини маълум қилди. 2-3 феврал кунларида синовлар Қашқадарё вилоятида ўтказилса сирдарёликлар қанақасига «3 февралгача Самарқандда бўлиб ўтадиган синовларда қатнашиши мумкин»? Нега Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддиси бошқа маълумот беряптию, унинг Сирдарё филиали раддияда унга зид бўлган маълумотни ёзяпти? Айтайлик, раддия 31 январ куни эълон қилинди, иш берувчилар ва ташкилотчиларнинг режаси 1 феврал куни ўзгарди. Шундай бўлганда ҳам агентликнинг Сирдарё филиали ўзининг расмий каналида ўзгариш ҳақида эълон бериб қўйса бўладику!

Раддияда Сирдарё вилоятида ушбу синовларда қатнашиш учун 300 нафардан ошиқ одам рўйхатга ёзилгани маълум қилинган. Рўйхатга ёзилганларнинг асосий қисми ҳали синовларда қатнашмаган ва унинг Сирдарё вилоятида ўтказилишини кутяпти. Буёқда эса синовнинг Сирдарёда ўтказилиши мавҳум бўлиб турибди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларидан бири иш берувчилар 3 феврал куни Қашқадарёдаги синовларни тугатиб сўнг Самарқандга қайтишини ва 4 феврал куни кечки пайт Россияга қайтиб кетишини маълум қилди. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, Сирдарё вилоятида синовлар ўтказилмайди ва қарийб 300 нафарга яқин Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар «синов бугун ўтказилади, эрта ўтказилади» деб ёлғон маълумотлар билан алдаб келинди.

Сирдарё вилоятидан Kun.uz’га йўлланган мурожаатда, Россияда ишлаш истагида бўлган сирдарёликлар вилоят ташқи миграция филиалида синовлар бошланишидан аввал рўйхатдан ўтганини, аммо филиал мутасаддилари уларни Самарқандга боришдан қайтарганини ва синовлар Сирдарё вилоятининг ўзида ўтказилишини айтганини маълум қилишган.

Бундан ташқари, улар мурожаатда синовлар Сирдарёда ўтказилмаслиги мумкинлигини, Россия қурилиш корхоналари Фарғона ва Урганчда ўтказилган синовларда кўп одам олгани учун Сирдарё вилоятидан Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни суҳбатдан ўтказишга эҳтиёж қолмагани ҳақидаги гап-сўзларни эшитишганини ёзишган.

Доно халқимизда «шамол бўлмаса дарахт барглари қимирламайди» деган ибора бор. Бундан бир неча кун олдин сирдарёлик мурожаатчилар «Сирдарёда синовлар ўтказилмас экан деб эшитдик» деган гап бугун ростга айланиб, ўша ибора бежизга айтилмаслиги яна бир бор тасдиқланяпти.

Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Сирдарёликлар Самарқандда ўтказилган синовларда умуман қатнашмади деб бўлмайди. Қатнашди, фақат саноқли одам қатнашди. 30 январ куни кечки пайт Kun.uz мухбири Самарқанд шаҳрида синовлар ўтказилган Автомобилсозлик коллежига борганида, у ерда Ташқи миграция агентлигининг ташкилий ишга жойлаштириш бошқармаси бошлиғи Азаматжон Матлюбов сирдарёликларнинг шахсий автотранспортга эга бўлганлари 27-30 январ кунларида Самарқандга келганини ва синовларда қатнашганини айтганди. Ўшанда у 30 январ кунига тегишли бўлган рўйхатни кўрсатган ва унда бир неча нафар сирдарёликлар ҳам қайд этилган эди. Сирдарёликларнинг «бизни Самарқандга юборишмаяпти» деб Kun.uz’га йўлланган мурожаати ва буни агентликнинг Сирдарё филиали раҳбари «автобуслар тайёрлаб қўйгандик, тўхтатишди» деб тасдиқлаганини инобатга олсак, Самарқандда ўтказилган синовларда саноқли сирдарёликлар қатнашгани маълум бўлади. Қолганлари эса ҳозирча синовлар бўлиб ўтишини кутяпти. Умид билан кутяпти...

P.S. Kun.uz мухбири бугун агентликнинг Сирдарё филиали раҳбари Сирожиддин Исроилов билан боғланди. Филиал раҳбари Россия қурилиш корхоналари ўтказаётган синовлар ҳақида ортиқ ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини маълум қилди. Унга сирдарёликлар эртага Самарқандга келиб сарсон бўлиб юрмасин. 2-3 феврал кунлари синовлар Самарқандда эмас, Қашқадарёда бўлиб ўтишини инобатга олиб, Kun.uz’да берилган мақолага раддия эълон қилинган расмий каналда бу ҳақда ҳам эълон бериб қўйиш лозимлигини айтмоқчи эдик, улгурмадик.

Top