20:20 / 02.02.2021
3447
Евроиттифоқ Косовонинг Қуддусда элчихона очиш тўғрисидаги қарорини танқид қилди

ЕИ ташқи сиёсий хизмати вакили Петер Станонинг сўзларига кўра, Косово ўз мажбуриятларидан четга чиқмоқда.

Брюссел Приштина ҳукуматини Косовонинг Қуддусда дипломатик миссия очиш тўғрисидаги қарори ўлканинг Евроиттифоққа кириш истиқболига путур етказиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсий хизмати вакили Петер Стано маълум қилди.

"Бу таассуфга лойиқ янгилик, чунки у ЕИнинг Қуддус бўйича қарорига мос келмайди. ЕИ Қуддуснинг мақоми бўйича қарор фақат Фаластин-Исроил музокаралари доирасида қабул қилиниши мумкинлигидан келиб чиқади. ЕИ давлатларининг барча элчихоналари Тел-Авивда жойлашган ва ўша ерда қолади", - деб таъкидлади у.

 "Косово ўз мажбуриятларидан четга чиқмоқда ва биз Косовонинг уларни бажаришга қайтишини кутамиз”, - деди Стано.

 Ҳозирда Евроиттифоқнинг 27 давлатидан бештаси Косовонинг суверенитетини тан олмаган ва улар тан олмагунича Косово ЕИга кира олмайди. 

Top