22:41 / 04.02.2021
13937
Қирғизистонда бир ҳафта ичида иккинчи собиқ бош вазир ҳибсга олинди

Қирғизистон собиқ бош вазири, парламент депутати Кубаничбек Жумалиев коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси хабар берди. 

Кубаничбек Жумалиев / Фото: Табылды Кадырбеков

Тергов маълумотларига кўра, депутат ҳамда бир вақтнинг ўзида Қирғизистондаги халқаро тиббиёт университети эгаси бўлган Жумалиев босим ўтказиб ва таълим соҳасидаги қонун лойиҳаларини лобби қилишда ўзининг сиёсий таъсиридан фойдаланиб, таълим фаолиятини олиб боришга ноқонуний равишда лицензия олган. 

Лицензия комиссияси қонунчилик талабларига жавоб бермаганлиги учун дастлаб университетга лицензия беришни рад этган. Аммо Жумалиевнинг таълим ва фан вазирлиги раҳбариятига босим ўтказиши натижасида комиссия хулосаси ижобий этиб ўзгартирилган.

Қўмитанинг билдиришича, бундан ташқари, Жумалиев томонидан ноқонуний равишда бойлик орттириш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва ўта йирик миқдордаги солиқ тўловларини тўламаслик фактлари аниқланган.

Жумалиев 1996-1998 йилларда Қирғизистон бош вазири лавозимида фаолият олиб борган. 2015 йилдан буён "Бир Бол" фракциясидан парламент депутати ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 28 январда яна бир собиқ бош вазир Муҳаммедқалий Абилгазиев коррупция ва ноқонуний тарзда бойлик орттиришда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Top