11:25 / 08.02.2021
7278
Ўзбекистонлик талабалар Россия ҳудудига тўсқинликсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар таснифига кирмайди - ТИВ

Россия таълим ва илм-фан вазирининг буйруғи билан 2021 йил 8 февралдан бошлаб ушбу вазирлик ҳузуридаги олий ўқув юртларида кундузги ўқиш жараёни бошлаш кўзда тутилган.

Оммавий ахборот воситаларида Россияда анъанавий ўқиш шакли бошланиши тўғрисида хабарлар тарқалгандан сўнг, Россияга қайтиш истагида бўлган ўзбекистонлик талабаларга турли сохта ҳужжатлар, шу жумладан, чегарани кесиб ўтишда ёрдам бериш учун Россия олий ўқув юртлари номидан сохта таклиф хатлари тайёрлашга ихтисослашган шубҳали шахсларга мурожаат қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Ўзбекистондан Россияга чартер рейсига талабалар рўйхати тузилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалмоқда. Бу Россия ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р-сонли «Россия Федерациясига хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар киришини вақтинча чеклаш ҳамда визалар ва таклифларни расмийлаштиришни вақтинча тўхтатиш ҳақида»ги қарори талабларига зид. 

«Ҳозирги вақтда Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Россия Федерацияси ҳудудига тўсқинликларсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар таснифига кирмайди. Россия халқаро аэропортларига чартер рейслари билан келган Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтишда ва тасдиқловчи ҳужжатлар юзасидан муаммоларга дуч келишлари мумкин», - дейилади вазирлик маълумотида.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шубҳали шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаслик ва алданиб қолмаслик, Россия ҳудудига киришда рад жавоби олмаслик учун ҳамда чартер рейслари ташкилотчилари ва авиаташувчилар билан суд жараёнларининг олдини олиш мақсадида, олий ўқув юртлари халқаро бўлимлари билан доимий равишда алоқада бўлиб туриш ва чегаралар очилгунга қадар масофавий таълимни давом эттириш сўралган.

Шу билан бирга, элчихона расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб бориш лозимлиги айтилади. Мазкур ресурсларда таълимни давом эттириш учун Россияга келиш имконияти ҳақидаги ахборотлар жойлаштириб борилади.

Top