20:58 / 10.02.2021
4795
Жаҳон бозорида электромобиллар сотуви бир йилда қарийб 40 фоизга ошди

Хитой ва Европа бозорларида 1,3 млн дона электрокар сотилган бўлиб, бу АҚШдаги сотув ҳажмига нисбатан тўрт бараварга кўп.

Фото: Getty Images

2020 йилда дунё бозорида элекромобиллар сотуви 2019 йилдагига нисбатан 39 фоизга ошди – йил давомида 3,1 млн дона электромобил сотилди. Бу ҳақда Canalys таҳлилий компанияси маълум қилди.

Қайд этилишича, Хитой ва Европа бозорларида 1,3 млн дона электрокар сотилган бўлиб, бу АҚШдаги сотув ҳажмига нисбатан тўрт бараварга кўп.

"АҚШда электромобил ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи Tesla заводи бўлишига қарамасдан, электромобиллар мамлакатда сотилган янги автомобилларнинг атиги 2,4 фоизини ташкил этади ", – дейилади компания маълумотида.

 Дунё бўйича сотилган автомобиллар орасида электромобиллар улуши 5 фоизни ташкил этган, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 фоизга етиши кутиляпти. Компаниянинг тахминича, 2030 йилда умумий сотув ҳажмининг қарийб 50 фоизини электромобиллар ташкил этади.

Шунингдек, Canalys 2021 йилда электромобиллар савдоси 66 фоизга  – 5 млн донага кўпайишини тахмин қилмоқда.

Top