21:57 / 11.02.2021
11503
Президент хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича фармон чиқарди

Қатор давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ва активни 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшисига сотиш мумкин бўлди. Баҳолаш ташкилоти белгилаган нархни бошланғич нарх сифатида мажбурий белгилаш ҳақидаги талаб айрим активлар учун бекор қилинди.

Президент «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида» фармон имзолади.

Фармонга асосан, белгиланган давлат активларини (рўйхати ҳозирча маълум эмас) оммавий савдоларга қўйишда ва уларни сотиш жараёнларини ташкил этишда:

  • профессионал ташкилотларни жалб этиш Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки «UzAssets» инвестиция компанияси томонидан энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бунда, улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;
  • профессионал ташкилотлар томонидан давлат активларини сотиш мақсадида аниқланган қиймат ёки қийматлар оралиғи (баҳолаш фаолиятининг миллий стандарти талабларидан қатъи назар) савдо жараёнида мўлжал сифатида ҳисобга олинишига рухсат берилади;
  • баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида тавсия этилган ва унинг экспертиза хулосасида аниқланган нархни давлат активининг бошланғич нархи сифатида мажбурий белгилаш тўғрисидаги талаб амал қилмайди;
  • давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясига давлат активларининг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда сотиш тўғрисида эълонлар бериш ҳамда 2 тадан кам бўлмаган таклифлар орасида энг яхшиси асосида сотиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилади (баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда тавсия этилган ва экспертиза хулосасида аниқланган нархдан қатъи назар).

Айнан қайси давлат активларини сотишда юқоридаги қоидалар амал қилиши ҳозирча маълум эмас: активлар рўйхати фармоннинг 1- ва 2-иловаларида келтирилган. Иловалар ҳали эълон қилинмади.

Фармонга биноан, Давлат активларини бошқариш агентлиги 1 августга қадар давлат мулкини хусусийлаштиришда баҳоловчи ташкилотларни танлаш, уларнинг хизматлари қийматини аниқлаш ва тўлашнинг энг яхши тижорат таклифларини танлаб олиш тартибини жорий этади.

Top