22:55 / 17.02.2021
21643
Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудида ўнлаб автомобилларни тунаган гуруҳ фош этилди

Бундан ташқари, улар Зангиота туманидаги хонадонлардан биридан саккиз бош қўйни ўғирлаб, сотиб юборишганлиги аниқланган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудида 30га яқин автотранспорт воситалари ичида бўлган пул ва қимматбаҳо буюмларни ўзлаштирган гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 20 январь куни Тошкент тумани «Кўҳинур» маҳалласида яшовчи фуқаро Ф. Акбаров туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. У аризасида 19 январдан 20 январь кунига ўтар кечаси уйи олдида қолдирган Сhangan автомашинасининг эшиги номаълум шахслар томонидан очилиб, автомашина салонида бўлган бир миллион сўмлик антирадар мосламаси, 250 минг сўмлик аудио магнитофон ва бошқа майда буюмлар ҳамда 300 минг сўм миқдоридаги нақд пул олиб кетилганлигини баён қилиб, бу ишни содир этганларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Ҳолат юзасидан Тошкент тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида 5 февраль куни ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинган бир гуруҳ шахслар (Зангиота туманида яшовчи 1979 йилда туғилган М.С., 2001 йилда туғилган М.Ш., 1993 йилда туғилган Д.Н. ва 2003 йилда туғилган Ш.Т. ҳамда 2005 йилда туғилган И.М.) қўлга олинади.

“Шунингдек, суриштирувлар давомида ушбу уюшган гуруҳ Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудида 30га яқин турли автотранспорт воситаларини ғайриқонуний очиб, транспорт ичида бўлган пул ва қимматбаҳо буюмларни талон-торож қилиб келганлиги аниқланади.

Жумладан, улар Тошкент тумани «Оқтом» маҳалласи ҳудудида 16 январь куни Damas, Lacetti ва Matiz автомашинасини, 18 январь куни «Кўксарой» маҳалласида Nexia автомашинасини, 20 январь куни эса «Кўҳинур» маҳалласида Сhangan ва Cobalt, «Кўксарой» маҳалласида Gentra ва яна бир Nexia автомашиналари эшикларини бузиб очиб, ичидаги нарса ва буюмларни талон-торож қилган”, дейилади хабарда.

Шунингдек, улар 3 февраль куни Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан 21 та турли русумдаги автомашина ичидаги нарса ва буюмларни олиб воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари, улар 25 январь куни Зангиота туманидаги хонадонлардан биридан саккиз бош қўйни ўғирлаб, сотиб юборишганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.

Top