21:11 / 18.02.2021
10974
SFI Management Group «Ўзметкомбинат», ОКМК ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» компанияларидаги ишончли бошқарувини тўхтатди

«Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ компаниялари Швейцария компанияси таъсисчилигида ташкил этилган «SFI Management Group»нинг ишончли бошқарувидан чиқарилди.

17 февралдан «SFI Management Group» ва Ўзбекистон ҳукумати «Ўзметкомбинат», Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва «Ўзиккиламчиранглиметалл»ни ишончли бошқариш тўғрисидаги шартномани бекор қилди.

Компания хабарига кўра, устав фондида давлат улушига эга юқоридаги акциядорлик жамиятлари эркин бозор шароитида ишлашга тайёр ва белгиланган иш режаси бўйича юкламаларни тўлиқ бажармоқда.

Маълумот учун, «SFI Management Group» МЧЖ хорижий корхонаси корхоналарни бозор муносабатларига мослаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хорижий мутахассислар ва инвестицияларни жалб қилишда фаол иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган.

Компания қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг лицензиясига эга ва ишончли бошқарув шартлари асосида «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖлар бошқарувини қўлга киритганди.

2017 йил август ойида «SFI Management Group» инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан «Пахтакор» ФК МЧЖ устав фондидаги 80 фоиз улушни сотиб олган. «SFI Management Group» «Пахтакор» ФКга беш йил давомида камида 200 миллиард сўм сармоя киритишни (янги стадион қуриш) режалаштирган.

«SFI Management Group», шунингдек, Тошкент металлургия заводининг ҳам ҳиссадорларидан саналади.

Top