18:36 / 24.02.2021
2117
2020 йилда Ўзбекистон Европага 288 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган

 Германиядан бир гуруҳ тўқимачилик соҳаси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Меҳмонларда Cotton Campaign коалицияси билан ҳамкорликда эришилган натижалар ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 2020 йил ҳосили натижаларига кўра ҳисоботида Ўзбекистонда пахта терими пайтида мажбурий меҳнат омиллари мавжуд эмаслиги илк бора тасдиқлангани катта қизиқиш уйғотган.

 

Ўзбекистонга ташриф буюрган Mangold Consulting халқаро консалтинг компанияси раҳбари Клаус Мангольд «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров билан учрашуви чоғида илгари сурилган Германия кийим-кечак брендларининг ўзбек тўқимачилик корхоналари билан ҳамкорликка қизиқиши ошиб бораётгани ҳақида гапирди.

2018 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Клаус Мангольдни қабул қилган ва Германия билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида сўзлашган. Бундан ташқари 2020 йилда Клаус Мангольд Бош Вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов билан ҳам учрашиб қўшма лойиҳалар ҳақида суҳбатлашган.

Клаус Мангольднинг сўзларига кўра, пандемия шароитида кўплаб Германия компаниялари тўқимачилик таъминот занжирларини қайта кўриб чиқмоқдалар. Бунга немис тўқимачилик машинасозлиги саноатининг ривожланиши тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига бевосита боғлиқлиги сабаб бўлмоқда. Фактлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистондан Германияга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти камайган. Бироқ, Германия ритейлерлари мулоқотга тайёр ва 2021 йилнинг иккинчи ярмида таниқли Германия кийим-кечак брендларини ўз ичига олган делегациянинг Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилаяпти.

Ўз навбатида, Илҳом Ҳайдаров тўқимачилик саноатида эришилган ютуқлар, хусусан, пахтачилик соҳасидаги ислоҳотлар, пахта-тўқимачилик кластерлари лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширилиши, Ҳукумат томонидан маҳсулотларни сертификатлаштириш учун субсидиялар ҳақида сўзлаб берди.

Германиялик меҳмонларни Cotton Campaign коалицияси билан ҳамкорликда эришилган катта натижалар ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 2020 йил ҳосили натижаларига кўра ҳисоботида Ўзбекистонда пахта терими пайтида мажбурий меҳнат омиллари мавжуд эмаслиги илк бора тасдиқлангани катта қизиқиш ўйғотди. Айнан ушбу масалалар юзасидан тўлиқ маълумот тақдим этилиши ва ушбу маълумот Германия компанияларига етказилиши таъкидланди.

2020 йил натижаларига кўра Ўзбекистон Европа мамлакатларига 288 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган, шундан 2019-2020 йилларда Германияга 14 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган.

Top