16:28 / 25.02.2021
2600
Ҳиндистонда шифокорлар маҳаллий вакцина билан эмланишни истамаяпти

Мамлакатда бугунга қадар 10,5 миллион нафардан ортиқ шифокор коронавирусга қарши эмланди. Аммо уларнинг фақат 1,2 миллион нафаригина маҳаллий вакцина билан эмланишга рози бўлган. Қолганлар AstraZeneca вакцинаси билан эмланган.

Фото: AFP

Ҳиндистонда тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши маҳаллий COVAXIN вакцинаси билан эмланишни истамаяпти, деб ёзади Hindustan Times нашри.

Мамлакатда бугунга қадар 10,5 миллион нафардан ортиқ шифокор коронавирусга қарши эмланди. Аммо уларнинг фақат 1,2 миллион нафаригина маҳаллий вакцина билан эмланишга рози бўлган. Қолганлар AstraZeneca вакцинаси билан эмланган.

"Бунга COVAXIN синов вакцинаси бўлганлиги ва учинчи синов босқичидан ўтказилмаганлиги тўғрисидаги баҳслар сабаб бўлди", - деди Махараштра штати ҳукуматининг эмлаш стратегияси бўйича маслаҳатчиси Субхаш Салунхе.

Аввалроқ мухолифат назорати остида бўлган Чхаттисгарх штати COVAXIN вакцинаси самарали эканлиги тасдиқланмагунига қадар бу вакцинадан фойдаланилмаслигини билдирганди. Эпидемиолог ва экспертлар ҳам вакцинанинг дарҳол маъқулланганлигини танқид қилди.

Вакцинани ишлаб чиққан Bharat Biotech компанияси тез орада унинг 26 минг нафар кўнгиллида ўтказилган синови натижаларини эълон қилишини билдирди. Ҳиндистон федерал ҳукумати 10 млн доза COVAXIN вакцинасига буюртма берган ва камида 5,5 млн дозасини олган.

Top