14:14 / 27.02.2021
8846
Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти билан учрашди

2021 йил 27 феврал куни Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашди.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа йўл очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хомашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюриши хабар берилганди.

Top