17:33 / 01.03.2021
5424
«Сардоба фожиаси айбдорлари ошкор қилинмаслиги ҳақидаги хавотирлар ўринсиз» – Танзила Норбоева

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева Сардоба фожиаси сабаблари ва айбдорлари албатта жамоатчиликка маълум қилинишини айтиб, бу маълумотлар ошкор бўлмай қолиниши ҳақидаги хавотирлар ўринсиз эканини таъкидлади. У бу ҳақда «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомовага берган интервьюсида тўхталиб ўтган.

«Сардоба фожиаси айбдорлари ошкор қилинмаслиги ҳақидаги хавотирлар ўринсиз. Кимда-ким қандайдир айб қилган бўлса, жиноят қилган бўлса, албатта жавоб беради ва бу ошкора эълон қилинади. Жиноят бўлгандан кейин албатта текширув бўлади, айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади ва бу жамоатчиликка маълум қилинади.

Ҳозир ҳеч нарса яширинча қолмайди. Одамларга ҳамма маълумот етиб боряпти, фуқароларимиз ҳамма нарсани эшитишади. Баъзида айрим нарсаларни Сенат билмай қолиши ҳам мумкин, лекин одамлар биринчи бўлиб ундан хабар топишади. Одамларнинг қайсидир воқеа ё ҳодиса бўйича ахборот берилишини талаб қилиши тўғри талаб деб ҳисоблаймиз. Албатта, одамлар бўлаётган ишлардан хабардор бўлиши ҳамда ҳар бир ҳолатдан кейин давлат хулосалар қилиши керак ва қиляпти ҳам.

Масалани таг-тагигача ўрганиб, бундан кейин бу хато бўлмаслиги учун тизимда ўзгаришлар бўляпти. Шунчаки битта одамни олиб бориб жазолаб қўйиш билан иш битмайди. Эртага шу хатони бошқа одам ҳам қилиши мумкин. Чунки хатонинг тагида уни юзага чиқарган сабаблар, омиллар бор», деган Танзила Норбоева.

Сенат раиси интервью давомида фожиани келтириб чиқарган барча омилларга ҳуқуқий баҳо берилиши, текширув натижалари асосида гидроэнергетика соҳасида тизимли ўзгаришлар амалга оширилишини айтиб ўтган.

«Сардоба фожиаси – техноген авария, тегишли идоралар томонидан фожианинг сабаблари ўрганиляпти. Уларнинг ҳаммасидан албатта хулосалар қилинади. Бу бўйича мутасаддилар жавобгарликка тортилади. Бунда бирор одамни қамаб қўйиш билан кифояланиб қолинмайди. Аксинча, аварияга олиб келаётган омиллар нимадан иборат экани, масалан, цемент ишлаб чиқариш заводида муаммо борми, фожиага пудратчилар ёки қурувчилар сабабчи бўлишганми, қаерда яна қандай муаммолар борлиги ўрганилади ва албатта тизимли чоралар кўрилади. 

Одамларни жазолаш билан муаммо ҳал бўлмайди. Бу ерда тизимли муаммолар бор. Масалан, геология ишлари яхши ўтказилмагани Сардоба фожиасига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки сув омбори жойлашган ер, тупроқ зичлиги яхшилаб ўрганилиши керак. Тупроқ омборга йиғиладиган сувни кўтара оладими-йўқми, бу ўрганилганми, лойиҳа пухта қилинганми, барча томонлари ҳисобга олинганми-йўқми, бу ҳам жуда катта муаммо. Буларнинг барчасига баҳо берилиши керак», дейди у.

  • Эслатиб ўтамиз, 7 йил давомида қурилган Сардоба сув омборида 2020 йилнинг 1 майида ўпирилиш содир бўлганди. Воқеа оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак кетган. Сув тошқини натижасида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлган, учта тумандаги 22та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган эди.
  • Президент Шавкат Мирзиёев ўша кунларда Сирдарё вилоятига бир неча бор ташриф буюрган, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беришини айтган.
  • Май ойида Сенат Сардоба масаласида ҳукуматдан ҳисоб сўраши хусусида ижтимоий тармоқлардаги саволларга тўхталиб, ҳолат бўйича ДХХ томонидан жиноий иш қўзғатилгани, ҳозир тергов ишлари олиб борилаётгани, бу масала давлат раҳбарининг шахсий назоратида эканини айтиш билан чекланганди.
  • 2020 йилнинг 25 декабрида 17 кишига нисбатан «Сардоба иши» бўйича суд бошлангани, бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли иш ёпиқ тарзда кўрилаётгани хабар қилинган эди. Орадан ўтган 2 ой давомида суд иши тафсилотлари жамоатчиликка маълум қилингани йўқ.
Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top