23:43 / 07.03.2021
8652
АПЛ. «Юнайтед» «Манчестер дербиси»да «Сити»нинг 21 ўйинлик ғалабали сериясига барҳам берди

Англия Премьер-лигаси 27-тури доирасидаги марказий учрашув «Манчестер Сити» ҳамда «Манчестер Юнайтед» ўртасида кечди.

«Манчестер дербиси»даги пешқадамлар ўртасидаги баҳснинг 1-дақиқасидаёқ Марсияль пенальти ишлади ва Бруну Фернандеш чемпионатдаги 16-голини киритиб, «Юнайтед»ни ҳисобда олдинга чиқарди – 0:1.

Иккинчи бўлимнинг бошида эса фарқ иккитага ошди. 50-дақиқада дарвозабон Ҳендерсон бошлаб берган ҳужумни Шоу жарима майдони яқинигача олиб бориб, Рэшфорд билан комбинация уюштирди ва чап оёқда Эдерсоннинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди – 0:2.

Ушбу голдан кейин Гвардиола шогирдлари ҳужумкорликни оширган бўлишига қарамай, Сульшер жамоаси ҳимояда ҳам яхши ҳаракат қилиб, якунда муҳим ғалабага эришиб, 54 очко билан 2-ўринга қайтди. «Сити» эса 65 очко билан 1-ўринда бормоқда.

Ушбу ғалаба билан «МЮ» «Манчестер Сити»нинг 21 ўйинлик ғалабали сериясига чек қўйди. 

АПЛ. 27-тур.
Манчестер Сити – Манчестер Юнайтед 0:2
Голлар
: 0:1 – 2, пенальти Бруну Фернандеш, 0:2 – 50 Шоу.
Манчестер Сити – Эдерсон, Жоау Канселу (Уокер, 65), Стоунз, Рубен Диаш, Зинченко, Родри, де Брюйне, Стерлинг, Гундўған, Маҳрез, Габриэл Жезус (Фоден, 70).
Манчестер Юнайтед – Ҳендерсон, Линделеф, Шоу, Магуайр, Уан-Биссака, Фред, Бруну Фернандеш, Мактомини, Жеймс, Марсьяль, Рэшфорд (Гринвуд, 73).

Top