13:03 / 07.03.2021
8948
Юз ёшга кириш сири. Бошқаларга кўмаклашиш фойдаси саломатликка жисмоний машқларникидан кўпроқ

Меҳр билан мунтазам жисмоний машқларга қараганда кўпроқ нарсага эришиш мумкин. Маълум бўлишича, хайрия фаолияти - хоҳ ўзгаларга ёрдам бериш, хоҳ кичик садақалар бўлсин, нафақат кўнгилни тинчлантиради, балки жисмоний саломатликка ҳам фойдаси бор.

Газеталар Бетти Лоу ҳақида у 96 ёшга тўлганда ёза бошлашди. У жуда қари бўлишига қарамай, Манчестер атрофидаги Солфорддаги касалхона кафесида кўнгилли бўлиб ишларди: у кофе ташир, идиш ювар ва беморлар билан гурунглашарди.

Кейин Лоу 100га кирди. «Ҳалиям ишлайди», деб ёзишди газеталар. Кейин 102 ёшга тўлди, ундан кейин 104га – газеталар эса, ҳайратда қолишда давом этишарди. 106 ёшида ҳам Лоу кўриш қобилияти заиф бўлишига қарамай, кафеда ҳафтада бир кун ишлашда давом этарди.

Лоу мухбирларга кўпчилик ҳаловат истаб, нафақага чиқиш ва уйда ўтиришни афзал кўрадиган ёшдан кейин ҳам ишлашни давом эттирганини айтиб берди. Чунки бундай иш унга соғлом бўлишда ёрдам беришига ишончи комил бўлган.

Афтидан, у ҳақ бўлган. Кўнгилли бўлиб ишлаш ва пул хайрия қилишдан тортиб оддий кундалик хайрли ишларгача бўлган холис хизмат фаровонлик ва узоқ умр кўришга сабаб бўлади.

Тадқиқотлар, айтайлик, кўнгилли бўлиб ишлаш барвақт ўлим хавфини 24 фоизга камайтиради ва кунига беш ёки олти мева порциясини истеъмол қилиш ўрнини босишини кўрсатяпти.

Ундан ташқари, бундай одамлар қондаги қанд миқдори кўтарилиб кетиши ёхуд юрак касалликларига олиб келадиган яллиғланиш жараёнларидан камроқ азият чекишади. Улар, шунингдек, хайрияларда иштирок этмайдиганларга нисбатан касалхонада 38 фоиз камроқ вақт ўтказишади.

Gallup World Poll ўтказган бир тадқиқот натижасига кўра, кўнгилли бўлиб ишлашнинг саломатликка фойдаси дунёнинг барча бурчакларида кузатилган – Испания ва Мисрдан то Уганда ва Ямайкагача.

Албатта гап илгаридан мустаҳкам саломатликка эга одамлар кўнгилли хизмат кўрсатишга қодир бўлишларида бўлиши ҳам мумкин. Масалан, сизда артрит дарди бор бўлса, ошхонага кириб холис хизмат қилолмайсиз.

«Мустаҳкам саломатлик соҳиби бўлганлар кўнгилли бўлиб ишлари ҳақидаги тадқиқотлар мавжуд. Олимлар бу ҳақда яхши билганлари боис, биз тадқиқотларимизда буни албатта ҳисобга оламиз», дейди Индиана Университети психологи ва филантропия бўйича тадқиқотчи Сара Конрат.

Ҳатто яхши саломатликка бўлиб туриб ҳам, барибир, хайрия фаолияти билан шуғулланиш бизнинг ҳолатимизга таъсир қилади.

Ундан ташқари, бир неча тасодифий лаборатория тажрибалари ўзгаларга ёрдам бериш саломатликка фойда беришининг биологик механизмлари ошкор қилинди.

Канадада ўтказилган шундай тажрибалардан бирида юқори синф ўқувчиларини икки гуруҳга ажратишди: гуруҳлардан бири кичик синфларга ёрдам беришга йўлланди, яна бир гуруҳ шундай ёрдам бериш учун навбат кутишга қолдирилди.

Тўрт ой ўтиб тажриба якунлангач, икки гуруҳ ўсмирларининг фарқи уларнинг ... қонида кўринди.

Кичик синфларга ёрдам берган катта синф ўқувчилари қонида холестерин миқдори паст чиққан, юрак ва қон-томир касалликларига сабаб бўлувчи яллиғланиш маркерлари анча кам бўлган.

Албатта, пандемия даврида кўнгилли бўлиб ишлаш осонмас. Бироқ Конрат бошқаларга ёрдам бериш нияти қатъий бўлса, виртуал кенгликда ҳам фойда келтириш мумкин, деб ҳисоблайди. У, шунингдек, виртуал хайрияга дўстлар билан киришишни тавсия қилади, зеро тадқиқотлар ижтимоийлашган хайрия умумий фаровонлик учун муҳим.

Қизиғи, қонда нафақат режаланган хайрия фаолияти натижалари, балки тасодифий яхшилик натижалари ҳам қайд этилади.

Калифорниядаги нотаниш одамларга кофе олиб бериш каби оддий хайрли ишлар қилиш топширилган тадқиқот қатнашчиларидан бирида яллиғланиш жараёнларига боғлиқ лейкоцит генларининг анча паст даражадаги фаоллиги кузатилган. Бу эса, яхши, чунки сурункали яллиғланиш ревматоидли артрит, саратон, юрак касалликлар ва диабет билан боғлиқ.

Одамларни МРТ-сканер остига ётқизиб, уларга холис бўлиш сўралганда уларнинг мияси оғриққа қарши қандай реакция қилишини кўриш мумкин.

Кўнгиллилар қатнашган сўнгги тажрибалардан бирида турли қарорлар қабул қилишга тўғри келди. Жумладан, қўлга енгил ток урилди ва шу пайтда пул садақа қилиш керакми йўқми...

Натижалар аниқ-равшан бўлди – садақа қилганларнинг мияси оғриққа заифроқ реакция қилди. Энг қизиғи, тажриба қатнашчилари қилган ишларини қанчалар тўғри деб ҳисоблаганлари сари оғриққа шунча чидамли бўлишди.

Худди шунингдек кўнгилли равишда таҳлил учун қон топшириш оғриқсизроқ бўлди. Ваҳоланки, биринчи ҳолатда игна икки баробар йўғонроқ эди.

Оддий яхшилик ва пул садақа қилишнинг саломатликка ижобий таъсири ҳақидаги мисолларнинг адади йўқ. Масалан, набираларига мунтазам қараб турадиган бобо ва бувиларнинг ўлим риски болаларга қарамайдиган қарияларга нисбатан 37 фоизга камроқ.

Тадқиқотларнинг бирига кўра, бу мунтазам жисмоний машқлар орқали эришиш мумкин бўлганидан кўпроқ кўрсаткичдир. Бунда бобо ва буви ота-оналар ўрнини тўлиқ эгаллаши назарда тутилмаган (набираларга қараш, айниқса улар жудаям ёш бўлса, анча жисмоний куч талаб қилишини биламиз).

Бошқа тарафдан қараганда, ўз роҳати учун эмас, бошқаларга пул харжлаш яхши эшитиш, уйқунинг яхшиланиши, артериал босимнинг пасайишига сабаб бўлиши ва унинг самараси гипертонияга қарши ичиладиган янги дорилар билан бир хил бўлиши мумкин.

Хайрия учун пул ўтказиб бериш мушак кучлари ривожи учун яхшигина туртки бўлиши мумкин. Кафтнинг кучи устида ўтказилган тажрибада ЮНИСЕФга пул ўтказиб берган қатнашчилар қўл тренажёрини пул беришни истамаганларга қараганда 20 сония кўпроқ сиқиб турганлар. Шунинг учун, агар ўзингизни, айтайлик, армрестлингда синаб кўрмоқчи бўлсангиз, кармонингизга кўпроқ пул солиб олинг.

Сан-Диего университети нейробиологи Тристен Инагаки яхшилик ва альтруизм жисмоний саломатликка таъсир кўрсатишидан ҳеч ҳам ҳайратга тушмайди. «Одамлар фавқулодда ижтимоий жонзот бўлгани боис биз ўзаро боғлиқ бўлганимизда соғлом бўламиз. Хайрия эса, ўзаро боғлиқликнинг бир қисмидир», дейди у.

Инагаки бизнинг хайрия фаолиятимиз тизимини ўрганади – хулқ-атвор ва саломатликнинг мия тўқималари билан боғлиқлигини. Бу тизим эҳтимол сут эмизувчилар стандартлари бўйича жуда чорасиз бўлган гўдакларни тарбиялаш, кейинчалик эса, катта эҳтимол, бошқа одамларга ҳам кўмак бериш учун фойдаланила бошланган.

Инагаки ва ҳамкасбларининг нейровизуал тадқиқотлари миянинг бу соҳалари биз яқинларга кўмаклашганда ишлашини кўрсатмоқда.

Болаларга қараб туришни рағбатлантиришдан ташқари, эволюция уни стресс даражасини тушириш билан ҳам боғлаб қўйган. Биз хайрли иш қилганимизда ёки ҳатто шунчаки қилган яхшилигимизни эслаганимизда мия марказидаги бодомсимон қўрқув таначанинг фаоллиги пасаяди. Бу болаларни тарбиялаш билан ҳам боғлиқ.

Болаларга қараб туриш стрессни камайтириши ҳақидаги гап мантиқсиздек кўриниши мумкин: исталган эндигина фарзанд кўрган ота-она гўдак кетидан юриш денгиз бўйида дам олиш эмаслигини айтади. Лекин тадқиқотлар жониворлар ўз болачаси хириллашини эшитганда улардаги бодомсимон танача фаоллиги пасайишини кўрсатяпти. Айни ҳолат одамлар ўз фарзанди фотосуратига қараганда ҳам содир бўлади.

Инагаки бошқаларга чинданам фойдали бўлиш учун миянинг қўрқув марказининг фаоллиги пасайиши шарт. «Агар уларнинг стресси сизда қўрқув уйғотса, сиз уларга ёрдам бериш уёқда турсин, яқинлашишга ҳам қодир бўлмайсиз», дейди у.

Буларнинг бари соғлиққа бевосита таъсир қилади. Инагаки болага қараш – бодомсимон танача ва рағбатлантириш соҳаси – бизнинг асаб тизимимиз билан боғлиқ бўлиб, қон босимини нормаллаштириш ва яллиғланиш жараёнлари реакциясида иштирок этади. Мана нима учун яқинларга ғамхўрлик қилиш юрак ва қон-томирлар саломатлигини яхшилаб, умрингизни узайтиради.  

Олимлар кўнгилли равишда хайрияда қатнашадиган ўсмирларда яллиғланишнинг икки маркери – интерлейкин 6 ва С-реактив оқсилининг анча паст кўрсаткичлари қайд этилганини маълум қилишди.

Олимлар, шунингдек, бу икки маркернинг коронавируснинг оғир асоратлари ўртасидаги боғлиқликни ҳам топишга муваффақ бўлишди. Бу пандемия даврида ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш уйда қамалиб ўтириб кайфиятни кўтаргандан кўра анча самаралироқ деган фикрга олиб келади.

Тўғри, хайрия фаолиятининг коронавирусдан ҳимояланиш билан алоқасини ўрганиш учун тадқиқот ўтказилмади. Бошқа одамлар билан алоқага киришиш касалланиш ва вирус тарқатиш рискини ошириб юборишини ҳам унутмаслик керак.

Хайрияга табиатан мойил бўлмаганлар нима қилиши керак?

Кўнгилли хизмат ва саховат кўрсатиш билан боғлиқ эмпатия наслдан наслга ўтади. Ҳамдардликнинг учдан бири бизнинг генларимизга боғлиқ.

Бироқ Конрат эмпатия туғилгандаёқ паст даражада бўлади дейиш бу тақдир ҳукми эмас. «Биз, шунингдек, спортга бўлган ҳар хил потенциал билан билан туғиламиз – қайсидир биримизга мушакларни шишириш бошқаларга нисбатан осонроқ. Аммо мушаклар ҳаммада бор, машқлар орқали ўстириш мумкин. Тадқиқотлар бошланғич даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, эмпатия даражасини ҳар биримиз кўтара олишимиз мумкин», дейди у.

Айрим машқларни бир неча сонияда бажариш мумкин. Масалан, сиз бир нафас, лекин ҳар куни дунёга бошқа одамнинг кўзлари билан қарашингиз мумкин.

Уй ҳайвонларига қараш ва ҳиссий қувват берадиган китобларни ўқиш – локдаун даврида вақт ўтказиш учун идеал усуллар – ҳам эмпатияни кўтаришга ёрдам беради.

2020 йилнинг биринчи ярмида британияликлар хайрияга 800 миллион фунт стерлинг сарфлашган (1 миллиард доллардан ошиқ) ва бу 2019 йилнинг шу муддатига нисбатан кўпроқ.

Шу каби вазият бошқа давлатларда ҳам кузатиляпти. Сўровлардан бирида америкаликларнинг ярми ўзларининг қария ва бемор қўшниларини кўргани боришганлигини айтишган.

Коронавирус Германия аҳолисини бирлаштирди – агар 2020 йилнинг февралида 41 фоиз одам ўзгалар ғамини емаганини айтган бўлса, ёзга келиб бу кўрсаткич 19 фоизга тушди.

Тадқиқотлар бу каби яхшилик нафақат қалбимизга илиқлик олиб киради, балки юрак соғ бўлишига ҳам ҳисса қўшади.

«Баъзан шунчаки бошқаларга диққат қаратишнинг ўзи саломатликка кони фойда», дейди Инагаки.

Top