20:21 / 10.03.2021
4091
Дания ва Швеция орасида сунъий орол туфайли келишмовчилик пайдо бўлди

Режага кўра, Линеттҳолм деб номланувчи орол Дания пойтахти Копенҳагенни Швециянинг Малмё шаҳри билан боғлайдиган Эресунн кўприги яқинида қурилади.

Фото: City of Copenhagen

Копенҳаген яқинида барпо этиладиган сунъий орол боис Швеция ва Дания орасида келишмовчилик пайдо бўлди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.Швециянинг Сконе региони ҳукумати фикрича, орол экологияга путур етказади ва сув таъминотига таъсир қилади.

 Режага кўра, Линеттҳолм деб номланувчи орол Дания пойтахти Копенҳагенни Швециянинг Малмё шаҳри билан боғлайдиган Эресунн кўприги яқинида қурилади. Лойиҳа шу ойда муҳокама қилиниши мўлжалланган. Аммо Сконе ҳукумати орол қурилишига қарши чиқди.

"Эресунн – бу чиройли экологик мувозанатга эга бўғоз. Биз уни соғлом сақлашга мажбурмиз. Бу ерда зарарланиш хавфи бор ва бўғозга сув оқими келиши камайиши мумкин. Болтиқ денгизи яхши ҳолатда эмас, шунинг учун кичик ўзгариш бўлишини ҳам хоҳламаймиз", - дея хулоса қилди Сконе сув таъминоти хизмати.

Аммо қурилишни режалаштирган By&Havn компанияси вакиллари оролнинг атроф-муҳитга таъсирини обдон ўрганишгани ва эҳтимолий оқибатлар сезилмайдиган даражада эканлигини билдирди. Компания Швеция томони билан мулоқот ўрнатишга ваъда берди.

Сунъий орол қуриш режаси 2018 йилда пайдо бўлган. Режага кўра, Копенҳаген марказидан шимолдаги гаванда 2,8 квадрат километрли майдон қурилади ва у ерда уйлар бунёд этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, сунъий оролда 35 минг киши истиқомат қилиши мумкин бўлади.

Top