22:09 / 10.03.2021
22814
Рустамжон Ҳамидов Ўзбекистонда «Йил имоми» деб топилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси интернет фойдаланувчилари берган овозлар асосида «Йил имоми» ва «Энг обод масжид» йўналишлари бўйича ғолибларни эълон қилди.

Фото: muslim.uz

Овоз бериш натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши имоми дея Андижон вилояти Балиқчи туманидаги «Оққўрғон» жоме масжиди имом-хатиби Рустамжон Ҳамидов эътироф этилди.

«Оққўрғон» жоме масжиди имом-хатиби Рустамжон Ҳамидов (ўнгда)
Фото: muslim.uz

«Йил имоми» йўналишида 2-ўрин Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов, 3-ўрин Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Қўчқор ота» жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон Солиевга насиб этди.

«Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов (ўнгда)
Фото: muslim.uz
«Қўчқор ота» жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон Солиев (ўнгда)
Фото: muslim.uz

Нукус шаҳридаги «Имом Эшон Муҳаммад» жоме масжиди «Энг обод масжид» деб топилди. Бу йўналишда 2-ўринни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжиди, 3-ўринни Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги «Рамазон қори» жоме масжиди қўлга киритди.

Тақдирлаш маросими 10 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтди. Унда идора раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, идора масъул ходимлари, имом домлалар ва меҳмонлар қатнашди.

Ғолибларга сертификат, пул мукофотлари ва совғалар тақдим этилди.

Фото: muslim.uz
Top