21:53 / 11.03.2021
6560
Қирғизистон ёшларига Ўзбекистон ОТМларида ўқиш учун грантлар ажратиш режалаштирилмоқда

Қирғизистон ёшларига Ўзбекистоннинг етакчи ОТМларида ўқиш учун ҳар йили устувор йўналишлар бўйича грантлар ажратиш режалаштирилмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтган музокаралардан сўнг шу ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз миллатига мансуб 300 мингга яқин фуқаро яшайди. Икки мамлакат раҳбарлари халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида маданият ва кино кунлари, ёшлар форумлари, фестиваль ва кўргазмалар ташкил этишга келишиб олишган.

Журналистлар билан учрашувда дастлаб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўз олди.

«Биз икки томонлама муносабатларнинг барча долзарб масалаларини муҳокама қилдик. Устувор эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чораларини кўришга келишиб олдик. Шу мақсадда ишбилармонлар ўртасидаги алоқалар фаоллашиши учун қулай шароитлар яратилади, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма соҳаларида умумий қиймати 900 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган янги лойиҳалар амалга оширилади. Уларнинг барчаси ҳозиргина қабул қилинган «йўл харитаси»га киритилди. Инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши бу лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон – Қирғизистон шериклигида, шубҳасиз, муҳим ўрин тутадиган ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Биз чегараолди вилоятлар ҳокимларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш, аниқ лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишга келишиб олдик.

Ишончли ва самарали транспорт йўлаклари мамлакатларимиз иқтисодиётлари учун улкан аҳамиятга эга. Бу борада сўз юритганда, аввало, «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли ҳамда «Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештом-Қашғар» мультимодаль йўлагини қайд этиш лозим. Биз ушбу йўналишларни илгари суриш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш тўғрисида аҳдлашиб олдик», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Садир Жапаров ҳам музокаралар натижаларидан мамнун эканини қайд этди.

«Ўзбекистон – Қирғизистоннинг асосий савдо шерикларидан биридир. Ўзаро ҳамкорликнинг барча жиҳатларини фаоллаштириш мақсадида парламентлараро ва ҳукуматлараро комиссиялар мажлислари, чегараолди вилоятлар ҳокимларининг учрашувлари яқин вақтларда ўтказиш режалаштирилди. Бизнес вакилларига қулай муҳит яратиш, товар айирбошлаш ҳажмини оширишга келишиб олдик», – деди Қирғизистон президенти.

Top