18:50 / 15.03.2021
5318
Пенсия жамғармаси 100 ёшли пенсионерлар сони ва уларга белгиланган қўшимча тўлов ҳақида маълумот берди

Айни пайтда республикада 683 нафар 100 ёшга тўлган пенсионер бўлиб, уларга ҳар ойда 262 минг 470 сўмдан қўшимча маблағ берилади.

Пенсия жамғармаси қонунчиликда ёши 100га тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига қўшимча тўлов амалга ошириб келинаётганини маълум қилди.  

Хабар берилишича, 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб 100 йил умр кўрган фуқароларга ҳар ойда қўшимча тўлов тўлаш белгиланган бўлиб, ҳозирда мазкур тўлов миқдори 262 минг 470 сўмни ташкил этади.

Бунда:

  • 100 ёшга тўладиган фуқароларнинг пенсиясига қўшимча тўлов шахс 100 ёшга тўлган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҳар ойда ариза тақдим этмасдан қўшиб тўланади;
  • қўшимча тўловни тўлаш пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёшга доир энг кам пенсия ойига 513 минг 350 сўм қилиб белгиланган.

Жамғарманинг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда республикадаги 100 ёшга тўлган пенсионерлар сони 683 нафарни ташкил этади. 

Top