23:05 / 18.03.2021
4876
Volkswagen Германиянинг энг қимматбаҳо компаниясига айланди 

Volkswagen автомобилсозлик концерни дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси SAP’дан ўзиб кетиб, Германиянинг энг қимматбаҳо акциядорлик компаниясига айланди. 

Фото: Getty Images

Франкфурт биржасидаги охирги савдолар вақтида компания акциялари 12 фоизга ўсиб, унинг бозор қиймати 140 млрд евродан ошди. Ундан кейинги ўринда келаётган SAP’нинг капиталлашуви 127 млрд еврони ташкил қилмоқда.  

Бунгача Volkswagen 6 йил аввал DAX индекси етакчиси бўлган, бироқ шундан кейин юз берган “дизелгейт” можароси компаниянинг позициясига салбий таъсир кўрсатган. 

Таъкидлаш жоиз, 2021 йил бошидан бери компания акциялари 62 фоизга қимматлашган. Улар нархи компания раҳбарияти батареялар ишлаб чиқаришга катта кўламли инвестициялар киритиши ва электромобиллар улушини мунтазам ошириб боришини эълон қилгандан кейин сўнгги кунларда тобора ўсмоқда. Компания 2025 йилгача электромобиллар бозори етакчисига айланмоқчи.

Айни вақтда Tesla 640 млрд доллардан кўпроқ капиталлашув билан дунёдаги энг қимматбаҳо автомобилсозлик компанияси бўлиб қолмоқда. Бироқ Volkswagen’нинг ўсиши сармоячилар компаниянинг электромобиллар бозоридаги жадаллашувига эътибор бера бошлашганини англатади.

Volkswagen, шунингдек, дастурий таъминот ишлаб чиқариш йўналишидаги ходимлари сонини 10 минг кишигача оширмоқчи. Бу эса компанияни SAP’дан кейин Европадаги энг йирик технологик компаниялардан бирига айлантиради. 

Top