18:45 / 19.03.2021
22806
«Ласетти» ҳайдовчиси машинани орқага бошқараётиб ёш болаларни уриб юборди. Қоидабузарлик камерага ёзиб олинган

Қаршида "Ласетти" ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган икки болани уриб юборди.

13 март куни соат 14:30ларда, Қарши шаҳар И.Каримов кўчасида жойлашган "Чинор" ресторани рўпарасида ҳайдовчи Ш.С. "Ласетти" автомобилини орқага бошқараётиб, йўлни кесиб ўтаётган 8 ёшли С.А. ва 9 ёшли А.А.ни уриб юборди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Натижада, вояга етмаган болалар тан жароҳати олиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Судга оид тиббий экспертиза вояга етмаган болалар енгил тан жароҳати олганликлари ҳақида хулоса берган.

Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар тўпланган ва жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига юборилган.

“Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишни, пиёдаларга эътиборли бўлишни сўраб қоламиз”, дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 мартдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, шу мақсадда ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган ушбу чораларга нисбатан жамоатчилик томонидан турли нуқтайи назарлар билдирилмоқда. Қарши шаҳрида юз берган ҳодиса соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини исботлади.

2020 йил давомида республикада 6 982та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, оқибатда 1 962 нафар инсон вафот этган.

Қоидабузарликларнинг автоматик равишда қайд этилиши бўйича аниқланадиган ҳолатлар давлат ёки хусусий сектор вакилларининг моддий аҳволида катта ўрин тутмайди. Аксинча, жамиятда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда жиддий ёрдам бўлиб хизмат қилишини ёддан чиқармаслик лозим.

Бундан олдин, йўлларда қоидабузарликни аниқловчи камералар ўрнатилишида ҳисобга олиш керак бўлган жиҳатлар саналганди.

Top