10:25 / 22.03.2021
341
Наманганда Наврўз арафасида 47 та объект фойдаланишга топширилди

Ишга туширилаётган 47 та объектдан 15 та саноат, 19 та хизмат кўрсатиш, 3 та қишлоқ хўжалиги 10 ижтимоий соҳа объектлари (таълим) ҳиссасига тўғри келади.

Мазкур объектларнинг умумий лойиҳа қиймати 762 747,0 млн сўмни ташкил этади. Объектлар тўлиқ қувватда иш бошлаши билан 2 560 та иш ўрни яратилади.

Масалан, шаҳарнинг Давлатобод туманида керамик кафель ишлаб  чиқаришга ихтисослашган корхона иш бошлади. Мазкур корхонанинг умумий ер майдони 9,4 гектар бўлиб, унда 120 та иш ўрни яратилди.

Наманган туманида эса электр двигателлар ишлаб чиқарувчи янги корхона ўз фаолиятини бошлади ва 70 нафар аҳоли иш билан банд бўлди.

Мингбулоқ туманида байрам арафасида иккита замонавий иссиқхона фойдаланишга топширилди. Жанубий Кореянинг “Yeollin Engineering Co., Ltd” компанияси томонидан қиймати 1 млн 114 минг долларлик технологиялар олиб келинди. “Green house” хорижий корхонаси 2 гектар майдонда лойиҳа қиймати 1,5 млн АҚШ долларига тенг замонавий иссиқхона барпо этди ва 20 та янги иш ўрни яратилди.

Туманда умумий қиймати 9,9 млрд сўмга тенг бўлган яна бир замонавий иссиқхона фойдаланишга топширилди. Мазкур иссиқхонада асосан помидор ва бодринг маҳсулотлари етиштирилади. Салкам 5 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонада 25 та янги иш ўрни яратилган.

Уйчи туманида қиймати 14,5 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, 50 та иш ўрни яратилди. Ушбу корхона бир кунда 2000 тонна, йилига эса 375 минг тонна асфальт ишлаб чиқариш қувватига эга. Бундан ташқари, йилига 600 минг тонна шағални қайта ишлаш, 200 минг бетон маҳсулотлари  ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушди.

Чортоқда ёпиқ сузиш ҳавзасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги 60 сотих майдонда 6,2 миллиард сўм миқдоридаги республика бюджети маблағлари ҳисобига қуриб битказилган мазкур иншоотда 11×25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, мураббийлар ва шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, тиббиёт ва дезинфекция қилиш учун махсус хоналар ҳамда 120 томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар мавжуд.

Шу куни Чортоқда замонавий мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди.

Дўстлик маҳалласи ҳудудида 35 сотих майдонда қурилган боғча  120 ўринга мўлжалланган. Унда болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонасида икки корхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Улардан бири тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бу корхонада 300 та янги иш ўрни яратилади.

Яна бири эса барча турдаги йўл ҳамда чамадон-сумка маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мослаштирилган. Ушбу корхонада ҳозирда 100 га яқин ёшлар ўз иш ўрнига эга бўлди.

Ҳар икки корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга йўналтирилади, қолган 70 фоизи ички бозорга чиқарилади.

Top