10:55 / 23.03.2021
456
Самарқанд вилоятида 157та мактаб мукаммал таъмирга муҳтож

Самарқанд вилоятидаги 109та мактабда реконструкция, 157та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарур. Мазкур мактабларда 155 минг 600 нафардан ортиқ ўқувчи етарлича шароит бўлмаган ҳолда таълим олмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган брифингда халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева маълум қилди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида халқ таълими бошқармасига фуқаролардан бўлаётган энг кўп мурожаат мактаблар қурилиш-таъмирлаш ишлари билан боғлиқ. Вилоят ХТБга 2020 йилда ушбу йўналишда 600дан ортиқ, 2021 йилнинг ўтган даврида 197та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар бўйича мактабларда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишларини олиб бориш борасида муаммолар тизимли равишда ўрганилганда, вилоятдаги 109та мактабда реконструкция, 157та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарурлиги маълум бўлган.

Вилоят ХТБ бошлиғининг маълум қилишича, юқоридаги рақамлар биргина қурилиш йўналишидаги долзарб ишларни ифодалайди. Бундан ташқари, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, атрофини ўраш, ичимлик суви билан таъминлаш, иситиш тизимларини соз ҳолатга келтириш, янгилаш, жорий таъмирлаш ишлари ва энг муҳими, таълим муассасаларини жиҳозлаш масалалари ҳам кун тартибида турибди. 

Брифингда айтилишича, 2020 йилда вилоят бўйича 52та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларига 150 миллиард сўм сарфланган. 2021 йилда эса 37та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари, 2та янги мактаб қурилишига 174 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Top