18:50 / 25.03.2021
3812
Жиддий бўлмаган ЙТҲни ҳайдовчилар мустақил расмийлаштириши таклиф этилди

Тан жароҳатларисиз ва иккитадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда ЙТҲни ҳайдовчилар томонидан мустақил равишда расмийлаштириш таклиф этилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

2021 йил 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ялпи мажлисда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида тан жароҳатлари билан боғлиқ бўлмаган ва иккитадан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари иштирокида ЙТҲ содир бўлганда ҳайдовчилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокисиз мустақил равишда билдиришнома тузиш орқали расмийлаштириш назарда тутилмоқда.

Муҳокамада таъкидланишича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришга кетадиган вақтни тежаш билан бирга йўлларда тирбандлик пайдо бўлишининг ҳам олдини олади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида суғурта қилинган транспорт воситаси ҳайдовчиси уч иш куни ичида суғурталовчига йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарномани тақдим этиши кераклиги белгиланмоқда. Шуни инобатга олиб, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунга йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарномани тузиш тартибига оид нормалар киритиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига суғурта компаниялари томонидан асоссиз равишда ҳайдовчининг айбини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолда айбдор тараф ўзгарганлиги важи билан суғурта товонини тўлашдан бош тортиш ёки муддатларнинг сунъий равишда чўзилишини чеклашга қаратилган қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Top