23:36 / 01.04.2021
4312
Байден «АҚШ иқтисодиётини янгилаш» режасини тақдим этди

АҚШ президенти Жо Байден ўзининг иккинчи йирик ташаббуси – 2,25 триллион долларлик иқтисодий ривожланиш режасини эълон қилди. Бу дастурдаги харажатларни биринчи навбатда корпоратив солиқларни ошириш орқали қоплаш режалаштирилмоқда.

Фото: REUTERS/Jonathan Ernst

АҚШ президенти Жо Байден пандемиядан кейин АҚШ иқтисодиётини тиклаш режасини тақдим этди.

Режалаштирилган барча ташаббусларнинг умумий қиймати 2,25 триллион долларни ташкил этади.

Бу маблағлар 8 йил ичида сарфланиши керак – бу икки президентлик муддати ҳисобланади.

Bloomberg бу тўпламни 1960 йилларда космик дастурга киритилган сармоядан буён энг йирик лойиҳа деб атади.

Дастурда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

  • Оқ уй транспорт инфратузилмасига 621 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу – федерал бюджетнинг жорий харажатларини амалда икки баравар оширади. АҚШ маъмурияти кўприкларни, йўлларни, портлар ва аэропортларни янгилашни ва электр транспортини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
  • Аҳоли ижтимоий ҳаётини яхшилаш тадбирларига 650 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган. Шундан 111 миллиард – ичимлик суви таъминоти тизимини янгилаш учун, 100 миллиард – кенг тизимли интернетни кенгайтириш ва электр тармоқларини ривожлантириш учун, 137 миллиард – арзон мактабларни қуриш ва ўзгартириш учун ажратилади.
  •  Саноатни янгилаш учун 580 миллиард доллар сарфлаш таклиф этиляпти. Уларнинг 180 миллиарди илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилган. Бу – АҚШ тарихидаги мудофаага оид бўлмаган энг йирик тадқиқот ва ривожлантириш дастури ҳисобланади. Шунингдек, 300 миллиард доллар тўғридан тўғри саноатга йўналтирилади, яна 100 миллиард доллар касбга қайта тайёрлаш дастурларига йўналтирилади.
  • Яна 400 миллиард долларни беморлар ва қарияларга, шунингдек, ногирон америкаликлар ижтимоий ёрдам дастурига сарфлаш назарда тутилган.

Дастурдаги харажатларни биринчи навбатда компаниялар тўлаётган солиқларни ошириш орқали қоплаш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 2017 йилда собиқ президент Дональд Трамп корпоратив солиқларни 35 фоиздан 21 фоизга туширган эди. Энди АҚШнинг янги маъмурияти уни яна учдан бирига – 28 фоизгача оширмоқчи.

Шунингдек, глобал фойда учун энг кам корпоратив солиқни 21 фоизга кўтариш белгиланган.

АҚШ нашрлари март ойи давомида Байден Қўшма Штатларда 28 йил ичида – Билл Клинтон давридан бери энг катта солиқ ўсишини режалаштираётганини ёзган эди.

Аввалроқ, Конгресс вакиллар палатаси АҚШ президенти Жо Байденнинг Америка иқтисодиётини қутқариш ва пандемия даврида аҳолига ёрдам бериш режасини маъқуллаганди. Инқирозга қарши чоралар бўйича навбатдаги пакет қиймати – 1,9 триллион доллар.

Top