14:48 / 01.04.2021
12733
КХДРдаги оғир вазият сабабли 12 мамлакат элчихонаси ёпилди

​​​​​​​Ўта қатъий чекловлар, зарур маҳсулотларнинг етишмаслиги хорижлик дипломатларнинг мамлакатни тарк этишига сабаб бўлмоқда. 

Фото: Reuters

КХДРдаги оғир вазият сабабли 12та давлат элчихонаси фаолиятини тўхтатди, халқаро ташкилотлар ходимлари мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда Россиянинг Пхеняндаги элчихонаси маълум қилди

Хабар қилинишича, 18 март куни мамлакатни 38 нафар хориж фуқароси тарк этган ва бу «КХДРдан дипломатик миссиялар ходимларининг оммавий равишда биринчи марта чиқиб кетиши эмас».  

«Корея пойтахтини тарк этаётганларни тушуниш мумкин – ўта қатъий чекловлар, зарур маҳсулотлар, жумладан, дори-дармон танқислиги, саломатлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имконияти йўқлигига ҳамма ҳам чидай олмайди», – дейилади элчихона баёнотида. 

Қайд этилишича, «Буюк Британия, Венесуэла, Бразилия, Германия, Италия, Нигерия, Покистон, Польша, Чехия, Швеция, Швейцария, Франция элчихоналари дарвозасига қулф осилган, халқаро инсонпарварлик ташкилотларининг барча чет эллик ходимлари мамлакатни тарк этган». 

Қўшимча қилинишича, ҳозирда мамлакатда тўққиз нафар элчи ва тўрт нафар ишончли вакил ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Top