18:09 / 01.04.2021
10669
Президент: «Энди беморларнинг пойтахтга келиб, овора бўлишларига чек қўйишимиз керак» 

Бугун, 1 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Кенгайтирилган тадбирда барча вазирлар, қўмиталар, вилоятлар ҳокимлари иштирок этяпти. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва тиббиётдаги ислоҳотларни жадаллаштириш чора-тадбирларига қаратилган йиғилишда Сирдарё вилояти мисолида тиббиёт муаммолари ҳамда янги тажрибалар муҳокама қилинди. 

Қайд этилишича, давлат раҳбари беморларнинг Тошкентга қатнаб, овора бўлишига эътибор қаратди.

“Яқинда шундай тизим яратамиз. Тошкентга келган беморларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи келиб, қайтариб олиб кетади. Чунки ҳар бир вилоятда шароитлар яратяпмиз. Пойтахтдан мутахассислар бориб, жойларда ўқитяпти. Энди беморларнинг овора бўлишларига чек қўйишимиз керак. Соғлиқни сақлаш вазири белгилаб берган ҳолатлардан ташқари касалликларни Тошкентга келмасдан вилоятларнинг ўзида даволашни амалга оширишимиз зарур. Албатта, шошилинч ҳолатлар, мураккаб операциялар бундан мустасно”, деди давлат раҳбари. 

Аввалроқ, президент тиббиёт жуда оғир аҳволда эканини маълум қилганди.

“Биз ислоҳотларни бошлаганда иккита масалага жиддий эътибор қаратганмиз – соғлиқни сақлаш ва тинчлик-осойишталик. Умуман, таълим билан тиббиёт ҳаёт-мамот масаласи. Тиббиёт жуда оғир аҳволда. Қандай оғир бўлмасин, буни тан олишимиз керак. Мана, бир неча вазирларнинг ўринбосарларини ўзим қисқартириб юбордим. Чунки бюрократ бўлиб қолган улар”, деди Шавкат Мирзиёев.

Top