14:24 / 04.04.2021
8532
Хоразмлик ёш дастурчилар 1 миллиард сўмлик грантни қўлга киритишди

Инновацион ривожланиш вазирлиги хоразмлик ёш дастурчилар томонидан тайёрланган «Ўзбекистон туристик шаҳарларининг 3D ва VR BOX моделларини яратиш» лойиҳаси учун 1 миллиард сўм ажратиш ҳақида қарор қабул қилди.

Лойиҳа «Wolfsofts» хусусий корхонаси томонидан тайёрланмоқда. У 1 йил ичида якунланиши белгилаб қўйилган.

Лойиҳа раҳбари Ҳакимбой Йўлдошев унинг мазмуни ва моҳияти, иш жараёни ҳақида гапириб берди.

«2016 йилдан бери IT соҳасида тадбиркорман.

2020 йил 12-13 декабрь кунлари президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Инновацион ривожланиш вазири хоразмлик ёшлар билан учрашди. Шунда лойиҳамизни тақдимот қилдик.

Бизнинг лойиҳамиз туризмга оид ҳамда виртуал реаллик бўлгани сабабли, буни кўриб 1 млрд сўм грант ажратилиши белгиланди.

Лойиҳа Ўзбекистон тарихий шаҳарларига виртуал саёҳат қилишдан иборат, яъни фойдаланувчи виртуал реаллик шлемини кияди ва ўтмиш даврига тушиб қолади.

Буни 3 босқичда — Хива, Бухоро ва Самарқанд давлат музей қўриқхоналари мисолида амалга оширамиз.

Лойиҳада ҳозир 28 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда. Ичан қалъа давлат музей қўриқхонасига бориб, ҳар бир объектнинг деталларини ўлчаб, лойиҳага киритяпмиз.

Лойиҳани амалга оширишда қўллаб-қувватловчи ташкилотлар 2та - Инновацион ривожланиш вазирлиги (1 млрд сўм грант бериш арафасида турибди) ва «Ёшлар келажаги» жамғармаси Хоразм вилояти филиали.

Ҳозир лойиҳамизнинг демо версияси ва прототипини тўлиқ тайёрлаганмиз. Буни молиялаштириш амалга оширилгандан кейин 6 ой ичида тўлиқ тайёрлаб, фойдаланишга топширамиз», — дейди у. 

Top