07:57 / 06.04.2021
6288
Шахсий ва оилавий бюджет: уй-хўжалик молиясини юритиш нима учун муҳим?

Кераксиз харажатлардан қочиш, ой охирига бориб молиявий қийинчиликда қолмасликнинг муҳим шартларидан бири – шахсий ёки оилавий бюджет юритиш. Шу орқали сиз ўз молиявий имкониятларингиз ва эҳтиёжларингиз ўртасидаги фарқни аниқ била оласиз.

Фото: scriptnotesshow

Умумий қоидага кўра, шахсий бюджет юритиш учун биринчи навбатда сиз даромадларингиз манбаларини аниқлаб олишингиз лозим. Қайси манбадан қанча маблағ келишига қараб, ўртача ойлик даромадингизни ҳисоблайсиз. Даромадлар прогнозларини тузгач, харажатлар сметасини тузасиз ва биринчи навбатда энг зарурий, кечиктириб бўлмас харажатларингизга маблағ ажратасиз.

Айтишга осондек кўринса-да, аслида шахсий бюджет юритиш вақт, қатъият ва интизом талаб қилади. Шу билан бирга, кишида бу хусусиятларни шакллантиради ҳам.

Шу ўринда, шахсий бюджетга қараганда оилавий бюджет юритиш мураккаброқ эканини таъкидлаш зарур. Келинг, даставвал «уй-хўжалик молияси» тушунчасига тўхталсак.

Уй хўжалиги тушунчаси

БМТ тавсия қилган стандартга кўра, уй-хўжалиги бу – бир уйда бирга яшаётган, умумий фондга ўз даромадлари ва бойликларини тўлиқ ёки қисман ўтказаётган, айрим товар ва хизматларни биргаликда истеъмол қилаётган кишиларнинг катта бўлмаган гуруҳидир.

Уй хўжаликлари ва уларнинг алоҳида аъзолари иштирокида мақсадли фондларни шакллантириш, тақсимлаш ва фойдаланиш жараёнида вужудга келадиган пул муносабати эса уй-хўжалик молияси дейилади.

Aксарият иқтисодий адабиётларда уй-хўжалик молияси хонадон ёки оила атамалари билан алмаштирилади. Aммо уй-хўжалик атамаси оилага нисбатан чекланган характерга эга. Масалан, бир хонани ижарага олган талаба уй эгасининг уй-хўжалик таркибига киради, аммо унинг оиласи ҳисобланмайди. Бошқача айтганда, уй хўжалиги қариндош бўлмаганлар ёки бир кишидан иборат бўлиши ҳам мумкин.

Бир жойда бирга яшаш, бюджет умумийлиги, иқтисодий қарорларни биргаликда қабул қилиш – уй хўжалигининг мезонлари ҳисобланади.

Уй-хўжалик молияси тушунчаси америкалик иқтисодчи, Нобель мукофоти совриндори Гари Бекергача яхши ўрганилмаган. 1960 йиллардан бошлаб Бекернинг фаолияти натижасида оила ва уй-хўжалик молияси тушунчаси мавзу сифатида ўрганила бошланди. Бекер уй хўжаликларини истеъмол ва ишлаб чиқариш бирлиги деб таърифлади. Унинг фикрига кўра, уй хўжалиги аъзоларида қанча кам бўш вақти бўлса, уй хўжалигининг даромади шунчалик юқори бўлади.

Шахсий ва уй-хўжалик бюджетини юритиш молиявий интизомни оширади

Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, кўпчилик оилавий бюджет деганда фақат даромад ва харажатларни қайд этиб боришни ва бу орқали пул тежаб қолишни назарда тутади. Аслида бу анча кенгроқ ўлчовлар ва ҳаракатларни ўз ичига олади. Ойлик, чораклик, йиллик даромадларни олдиндан хомчўтлаш, бўлажак харажатларнинг энг асосийларини олдиндан белгилаш, жамғарма йиғиб бориш, айрим харажатларни кейинга ўтказиш, қарз ва кредитларни тўлашни ўтказиб юбормаслик, устувор харажатлар, кечиктириб бўлмас харажатлар, воз кечиш мумкин бўлган харажатлар шуларнинг айримлари холос.

Отабек Бакиров илк марта маош олгандан бери шахсий бюджетини юритиб боради.

«Умуман олганда, оилавий ва шахсий бюджетни доимий равишда юритиш молиявий интизомни оширади, жамғармалар шакллантириб боришга, уларни табиийки иш ҳақи билан боғлиқ бўлмаган даромадлар топишга йўналтиришга туртки беради. Молиявий саводхонликнинг ибтидоси ҳам тахминан шундан бошланади. Мамлакат иқтисодиёти молиявий саводхон ва ҳисобли уй хўжаликлари мавжудлигидан фақат ютади», – дейди у.

Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси, тадбиркор Фируз Aллаевнинг айтишича, у 4 йилдан буён мобил телефондаги махсус дастур орқали оилавий бюджетни юритади. Тадбиркор агар харажатларни режалаштириб, пул қаердан келиб қаерга кетаётгани ҳисобга олинмаса, ойига 100 миллион сўм ишлатса ҳам маблағ етишмайди деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон–Буюк Британия савдо уйи асосчиси Миршод Шакиров эса Бирлашган Қиролликда яшаб юрган пайтларидан, яъни 2012 йилдан бери шахсий ва оилавий бюджетини юритишини айтади.

«Бюджетимни Microsoft office'да ҳар ҳафта кирим-чиқим ва кутилаётган харажатлар киритиладиган жадвал кўринишида юритар эдим. Лекин 2017 йилдан бери «Домашняя бухгалтерия» деган телефон ҳамда компьютер иловасидан фойдаланаман.

Оилавий ва шахсий бюджетни юритиш мақсадга эришишни осонлаштиради. Молиявий эркинликка етишиш аслида пулни тўғри ишлата билиш санъатидан бошланади. Бу фарзандларим психологиясига ва тарбиясига ижобий таъсир қилади. Ҳар бир нарсада меъёр бўлиш зарурлигини ўргатади», – дейди Миршод Шакиров.

ХМТ тадқиқоти: Сўралганларнинг ойлик чиқимларида 83 фоизни бирламчи харажатлар ташкил этади

Ўзбекистонда ҳозирча қанча аҳоли шахсий ёки уй-хўжалик бюджетини юритиши ҳақида статистика йўқ.

Cоvid-19нинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга таъсири борасида Халқаро меҳнат ташкилоти эълон қилган сўнгги ҳисоботда келтирилишича, сўровномада қатнашган респондентларнинг 60 фоизи бир оиладан иборат уй хўжаликларида; 27 фоизи икки оилали, 13 фоизи уч ёки ундан ортиқ оилага эга уй хўжаликларида яшайди.

Шунингдек, озиқ-овқат, транспорт, кийим-кечак ва дори-дармон уй хўжалиги истеъмолининг 83 фоизини ташкил қилади.

Бу ҳисоботдаги қизиқ маълумотлардан яна бири, сўровномада иштирок этган 50 фоиз респондент истеъмолни тежаш орқали харажатларни қоплашини маълум қилган.

Таъкидлаш мумкинки, даромадлар бирламчи харажатларга ҳам етмаслиги уй-хўжалик молиясини юритмаслик учун сабаб бўла олмайди. Шахсий ва оилавий бюджет ҳисоб-китобини қилиш аҳолининг барча тоифалари учун бирдек аҳамиятга эга.

Умуман олганда, аҳолининг уй-хўжалик молиясини юритиши мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади: жамиятда молиявий саводхон ва ҳушёр кишилар кўп бўлиши даромадлар тўғри тақсимланиши, жамғарилиши, кредит-қарз муносабатларида нохуш ҳолатларнинг камайишига хизмат қилади.

Яъни фуқаролар шахсий ва уй-хўжалик бюджетини юритиш орқали нафақат ўз молиявий ҳолати барқарорлигини сақлайди, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир қилади.

Мадина Очилова

Top