10:01 / 07.04.2021
6917
Enter Engineering: Ўзбекистон нефть-газ соҳасидаги муҳим лойиҳалар бўйича йирик шартномалар имзоланди

Ўзбекистонда «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини ривожлантириш лойиҳасига банк молиявий маблағларини жалб этиш шартлари белгилаб олинди. Лойиҳани молиялаштиришнинг тегишли индикатив шартлари 6 апрел куни Тошкентда, «ВЭБ.РФ» Давлат ривожлантириш корпорацияси, Газпромбанк ва лойиҳа инвестори Surhan Investments Limited томонидан имзоланди. Мазкур ҳужжат 10 йил муддатга 900 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит линияларини жалб этиш бўйича имзоланди. Ҳужжат «ВЭБ.РФ» Бошқарув раисининг ўринбосари Даниил Алгульян, Газпромбанк Бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Белоус, Surhan Gas Chemical Operating Company Бош директори Андрей Игнатовлар томонидан имзоланди. Имзолаш маросими «ВЭБ.РФ» раиси Игорь Шувалов иштирокида ўтди.

«Мустақилликнинг 25 йиллиги» лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилоятидаги инфратузилмага мувофиқ тарзда табиий газ захираларини қидириш ва қазиб олиш ҳамда 5 млрд куб метр қувватга эга бўлган газни қайта ишлаш заводини қуриш назарда тутилган. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва инвесторлар консорциуми ўртасида 2017 йил 5 апрелда имзоланган маҳсулотни бўлиб олиш (тақсимлаш) ҳақида битимга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Газ кони ва қайта ишлаш заводининг қурилиш майдони Сурхондарё вилоятидаги Бойсун шаҳридан 20 км узоқликда жойлашган. 2017-2019 йиллар оралиғида лойиҳа томонидан сейсморазведка ва қидирув ишлари якунланиб, баҳолаш қудуқларини бурғулаш ишлари амалга оширилди. 2020 йилда эса эксплуатацион қудуқларни бурғулаш ишлари бошлаб юборилди. Газни қайта ишлаш заводининг лойиҳалари ва қурилиши Shell компаниясининг лицензияланган технологиялари асосида олиб борилмоқда.

«Ушбу ҳужжатнинг етакчи Россия банклари томонидан имзоланиши лойиҳани амалга оширишнинг муҳим босқичларидан бири бўлиб, бу ушбу лойиҳага молиявий маблағларни жалб қилиш бўйича битимни 2021 йил охирига қадар бажариш имконини беради», - дейди Surhan Gas Chemical Operating Company Бош директори Андрей Игнатов.

Лойиҳа инвесторларидан бири Андрей Филатов ҳужжат имзолангандан сўнг қўйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини ривожлантириш лойиҳаси ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган асосий лойиҳалардан бири бўлиб, саноат тармоқлари ва минтақани ривожлантириш учун стратегик аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси лойиҳани республика ва ҳудудий бошқарув органлари даражасида фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда ва инвесторларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитларни яратиб бермоқди. Мен Лойиҳа иштирокчилари номидан Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Республика ҳукуматига ушбу минтақада фаолият олиб бориш учун имконият яратилгани, бугун Ўзбекистонда рўй бераётган муҳим инфратузилмавий ўзгаришларда иштирок этаётганимиз учун миннатдорлик билдираман. Россия етакчи банкларининг Ўзбекистондаги муҳим инфратузилмавий лойиҳадаги иштироки Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг юқори даражаси ва Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитига бўлган ишончини яна бир бор тасдиқлайди».

Бундан ташқари, Россия томонидан ВЭБ, Газпромбанк ва АО «ЭКСАР», Ўзбекистон томонидан «Ўзтрансгаз» АЖ, Ўзбекистон энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасининг газ ташиш тизимини модернизациялаш» лойиҳасини ташкиллаштириш тўғрисида битим имзоланди.

Газпромбанк Бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Белоус лойиҳада Россия компанияларининг иштироки ҳақида тўхталиб, шундай деди:

«Газпромбанк 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда, шу сабабдан ушбу шартнома Ўзбекистон компаниялари билан ҳамкорлик муносабатлари давомчиси ҳисобланади. Ҳужжат ташқи савдо муомалаларини қўллаб-қувватлаш ва халқаро молиявий хизматлар бозорини ривожлантиришга йўналтирилган ҳамда миллий маҳсулотни хориж бозорига олиб чиқишни рағбатлантириш ва Россия экспортчиларининг рақобатдошлигини мустаҳкамлаш бўйича ЭКСАР билан самарали ҳамкорлик натижасидир».

Шунингдек, учрашув жараёнида Jizzakh Petroleum лойиҳаси учун юқори технологияли маҳсулотлар ва «Ўзбекистон Республикаси газ ўтказиш тизимини модернизациялаш» лойиҳаси учун юқори технологияли қувур маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш борасида Россия экспорт маркази билан битимлар имзоланди.

ЧТПЗ гуруҳи тижорат директори Денис Приходько Ўзбекистонга қувур маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномани шарҳлаб ўтди:

«Компаниямиз қувур бозоридаги асосий иштирокчилардан бири эканлиги, нафақат қувурлар, балки қувур ечимлари ва хизматларининг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда истеъмолчилар билан ишлашга умидимиз катта. Ўзбекнефтегаз, Eriell Group лойиҳалари билан ишлаш бўйича ҳам катта тажрибага эгамиз. Шунингдек, бугун Enter Engineering компанияси ва Ўзбекистон газ узатиш тизимини реконструкция қилишда иштирок этиш учун Россия экспорт маркази ўртасида битим имзоланди. Бу Ўзбекистон учун ҳам, Россия учун ҳам жуда муҳим ҳужжат. Ишончим комилки, биз узоқ йиллар давомида Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиёти манфаати йўлида меҳнат қиладиган юқори сифатли маҳсулотларни таклиф эта оламиз», - деди Приходько.

Шу билан бир қаторда айни пайтда Ўзбекистондаги шериклар билан маҳсулотга бўлган талабларни тўлақонли тушунишлари, етказиб бериш муддатлари борасида фаол ишлар амалга оширилаётганини ҳам айтиб ўтди. Яқин ойларда маҳсулотни етказиб бериш бўйича тайёргарлик ишлари ҳам жадал суръатда олиб борилмоқда.

Enter Engineering Матбуот хизмати

Top