11:09 / 08.04.2021
6367
Тошкентда 2 миллиард сўмни ўғирлаган жиноий гуруҳга суд ҳукми ўқилди

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Яшнобод туманида жойлашган МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи 28 ёшли Бахтиёр Қ., далолатчи сифатида 28 ёшли Бахтиёр З., 29 ёшли Шуҳрат И., 25 ёшли Шерзод М., 26 ёшли Сардор Т., 23 ёшли Фаррух М.ни ўғрилик жиноятини содир этишга қизиқтириб, биргаликда олдиндан жиноий режа тузиб, 2020 йил 15 август кунидан 16 август кунига ўтар кечаси қўлларига қўлқоп кийган ҳолда Яшнобод туманида жойлашган МЧЖга оқ рангли давлат рақамлари ечиб олинган “Lacetti” русумли автомашинада келишган.

Улар МЧЖнинг ғазнахонасига ғайриқонуний равишда кириб, темир панжараларни темир кесиш ускунасида кесган ва жами 2 341 996 803 сўм ҳамда 25 000 АҚШ доллари пул маблағларини ўғирлаб, ушбу пулларни ўзлари келган “Laсetti” русумли автомашинанинг юкхонасига жойлаган, сўнг Бўстонлиқ туманида жойлашган “дача”лардан бирини ижарага олиб, 18 август куни тунги соат 01:00да дам олиш мақсадида ушбу “дача”га Тошкент шаҳридан чиқиб кетаётганида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Жиноят иши доирасида ушбу ўғрилик жиноятини содир қилган шахслар муқаддам бир неча маротаба судлангани аниқланиб, етказилган моддий зарардан 1 797 618 000 сўм, 23 763 АҚШ доллари пул маблағлари жабрланувчига қайтарилиб, уларга нисбатан бўлган жиноят иши тегишли тартибда айблов хулосаси билан тегишли судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг ҳукмига кўра, Бахтиёр З., Шуҳрат И., Шерзод М., Фаррух М.га 10 йил, Бахтиёр Қ.га 8 йил, Сардор Т.га 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жиноят содир қилинган “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси қонуний эгасига қайтарилган.

Top