15:51 / 10.04.2021
13012
Чемпионлик тақдирига таъсир қилувчи тўқнашув. Эл-Класико олдидан 

Бугун, 10 апрель шанба оқшомида барча футбол ихлосмандларининг нигоҳи Мадридда ўтадиган «Реал» - «Барселона» қарама-қаршилигига қаратилади. 

Эл-Класико доим алоҳида мотивацияга муҳтож бўлмаган шиддатли тўқнашув бўлса-да, анчадан бери бу ўйинлар турнир нуқтаи назаридан ҳам бу қадар аҳамиятли бўлмаганди. Тўғри, ҳар йили бу икки жамоа чемпионлик учун курашишади, рақобатчи саналишади, аммо биринчи даврада доим мавсумнинг боши, иккинчи даврадаги ўйин пайтида эса, кўпинча, масала ҳал бўларди. Томонлардан бири анча илгарилаб кетар ва ғалаба ҳам кўпинча катта устунлик тақдим этмасди. Пандемия ўзига хос давр – мухлисларсиз стадионда шунчаки принципиаллик ёки туйғулар етарли эмас, соврин учун курашиш, вазиятга реал қараш энг муҳим ўринга чиқаётган бир пайтда, ҳозирги турнир жадвали айни муддао.  

Бир неча ой олдин «Атлетико» барчадан икки хонали сонлар масофасида ўзиб кетган, гўёки «Реал» ва «Барселона» учун ҳаммаси тугаганди. Аммо Симеоне жамоаси ўйинида ҳам, натижаларида ҳам пасайиш рўй берди – жамоа охирги 10 учрашувда 14 очко йўқотди. Бу даврда «Реал» 23 очко, «Барселона» ҳатто 28 очко олганини эътиборга олсак, «Атлетико» қандай устунликни кўкка совурганини англаш мумкин. Эндиликда «Атлетико»да 66 очко, «Барселона» атиги 1 очко кам жамғарган. «Реал» 63 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Демак, ғалаба каталонияликларни бир кунга бўлса ҳам, турнир жадвали пешқадамига айлантиради. Худди шу имконият «Реал»да ҳам мавжуд. Агар «Реал» мағлубиятга учрайдиган бўлса, пешқадамлар билан фарқ 5-6 очкога айланиши ва балки умуман чемпионлик пойгасидан чиқариб юбориши мумкин. Энг муҳим савол, мана шундай босим остидаги ўйинларга рақиблар қай даражада тайёр?

БОСИМ ОСТИДА

Айнан босим ҳақида фикрлар бошланганининг сабаби «Реал»даги жуда кўп жароҳатлар, «Барселона»даги президент сайловлари ва янги мураббий туфайли ҳар икки жамоа ҳам ушбу мавсумда катта босимга дуч келишмади. Ҳар икки жамоа қандайдир ўтиш мавсумини бошдан кечираётгандек эдилар. «Атлетико»нинг қоқилиши «Барселона», Чемпионлар Лигаси доим баҳорда кучаядиган «Реал»ни эски даврларга қайтарди ва энди мухлислар ушбу грандлардан фақат ғалабаларни кута бошлашди.

Бундай шароитларда «Реал»да устунлик борлигини таъкидлаш керак. Зиданнинг асосий устунлиги ҳам шунда: у ҳар доим ишлайдиган ўйин системаси яратмайди, рақибнинг кучли томонларини йўққа чиқариш, ўз устунликларидан ўринли фойдаланишда беназир. «Эльче», «Кадис»га қарши ўйинларда эса бундай тайёрланиш имконсиз. Бу ўйинларда Бензема, Модрич, Кросс кабиларнинг индивидуал ҳаракатларидан умид қилинади, табиийки, алоҳида ижрочилар барқарор тарзда натижа олиб кела олмайдилар. Шунинг учун ҳам Зидан давравий турнирларда у қадар муваффақият қозонмаса-да, алоҳида топ ўйинларда шогирдларини дунёнинг энг кучли жамоасига айлантира олади.

Мадридликларнинг ҳатто ушбу муаммоли мавсумдаги топ ўйинларига қарасангиз ҳам, буни пайқаш мумкин. «Интер», «Атлетико», «Барселона», «Ливерпуль» каби топ жамоаларга қарши «Реал» 6 ўйиннинг 5 тасида ғалаба қозонди ва 1 дуранг ўйнади. Юқорида номлари тилга олинган тажрибали юлдузлар бундай ўйинларда катта саҳнага чиқишни уддалай оладилар.

«Барселона» эса аксинча. Таркибнинг аксарият қисми ёшлар ва академия вакиллари эканини эътиборга олсак, маълум бир тизим асосида жамоа серияли тарзда ижобий натижалар қайд эта олади. Жамоа 2021 йилда Ла Лигадаги 19 ўйиндан 16 тасида ғалаба қозонди, 3 учрашувни дуранг билан якунлади, масалан. Аммо тажрибали ва топ рақибларга қарши Куман шогирдларида камчиликлар яққол намоён бўлмоқда. Рақиб Мессини ўйиндан чиқаришни уддаласа кифоя, «Барселона» ўйинида муаммолар юзага келади. Афсуски, Гризманн ҳалиям етакчилардан бирига айлана олмади. «Барселона» катта ўйинлардан фақат гуруҳ босқичида «Ювентус»ни сафарда мағлуб эта олди холос. Шунда ҳам жавоб ўйинида йирикроқ ҳисобда ютқазишди. «Атлетико» ва «Реал»га қарши биринчи давра ўйинларида ҳам мағлубият. «ПСЖ» Чемпионлар Лигасида ҳеч қандай имконият қолдирмади.

 

ТАРКИБЛАР

Таркиблар борасида «Барселона»нинг йўқотишлари хавфсизроқ. Аниқроғи, майдонга туша олмайдиган Фати, Сержио Роберто, Филипе Коутиньо каби футболчилар анчадан бери асосий таркибдан четдалар, жамоа уларсиз ўйнашни ўрганиб бўлган.

«Реал»да эса вазият оғирроқ. Серхио Рамоснинг қайта олмаслиги маълум эди, аммо Рафаэль Вараннинг коронавирус юқтириб, сафдан чиққанлиги ҳимоя марказида муаммолар келтириб чиқариши табиий. «Ливерпуль»га қарши Милитао - Начо жуфтлиги ишончни оқлаган бўлса-да, инглизларнинг ўзи ҳам у қадар катта хавф солишмаганди. «Барселона» билан ўйинда энг оғриқли нуқта айнан ҳимоя маркази бўлишини тахмин қилиш мумкин. Карвахалнинг ҳам йўқлиги, унинг ўрнида Васкес ўйнаётгани нафақат ҳимояда, балки яримҳимоячиларнинг ишонч билан олдинга боришларига ҳам халақит беради. Каземиро, Модрич ва Кроосдан аввало, ҳимоячиларга юк туширмаслик талаб этилади.

Эден Азар аллақачон тикланиб, умумий гуруҳда шуғулланаётган бўлса-да, Зидан уни дарҳол асосий таркибга қайтармаса керак. Бунинг устига, Винисиус ўз юлдузини топиб олган бир пайтда.

«Барселона» жисмоний тарафдан қисман устунликка эга бўлиши мумкин. «Реал» ҳафта ўртасида «Ливерпуль»га қарши ўйин ўтказди, келаси ҳафта яна бир шундай учрашув кутиб турибди. Еврокубоклардан чиқиб кетган ва таркибнинг аксарият қисми ёшроқ футболчилардан иборат бўлган «Барселона» бундан фойдаланиши, айниқса, иккинчи таймда ташаббусни қўлга киритишини кутсак бўлади.

Тахминий таркиблар:

«Реал»: Куртуа, Васкес, Милитао, Начо, Менди, Вальверде, Каземиро, Модрич, Кроос, Винисиус, Бензема.

«Барселона»: Тер Стеген, Лангле, Де Йонг, Мингиеза, Альба, Дест, Бускетс, Педри, Гризманн, Месси, Дембеле.

ДУЭЛЬ: Дембеле – Винисиус

Ҳар икки томонда ҳам каттароқ юлдузлар бўлса-да, қайсидир маънода, бугунги ўйин натижаси мана шу ёш футболчиларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Қайсидир вазиятда кўпроқ югуришлари, қайсидир вазиятлардан унумли фойдаланиш ёки фойдалана олмасликлари ўйин тақдирини ҳал қиладигандек туюлмоқда.

Ҳар икки футболчининг мавсумдаги тақдири ўхшаш. Ҳар иккиси ҳам катта умид билан олиб келиниб, гўёки оқланмаган трансфер сифатида баҳолана бошлаган, мураббийлар уларни сотиб юборишга ҳам рози, захира вариант сифатида кўрила бошлаганди. Аммо бир томонда Гризманнинг ишончсиз ўйинлари, нариги томонда Азарнинг жароҳати бу футболчиларга яна бир қўшимча имконият тақдим этдики, ҳар иккиси фойдаланиб қолди. Энди Зидан Винисиусни жамоанинг асосий қуроли сифатида кўрмоқда, Куманнинг эса фикри ўзгариб, Дембеленинг сотилишига қарши чиқа бошлади.

Қизиғи, бу икки юлдузнинг қайта порлаши ҳам, юқорида тилга олинган жамоа услубларига мос келади. Винисиус яқин кунларгача захирада ўтирган, охирги голини ўтган йилнинг октябрида урганди. Энди эса «Ливерпуль»га қарши ўйинда асосий таркибда тушди ва икки гол уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди.

Дембеленинг таркибга кириб бориши эса фарқли, систематик рўй берди. У мана шу йилнинг бошидан асосий таркибда туша бошлади. 3-5-2 янги схемага мослашгач эса жуда фойдали голлар урмоқда. Аввалига «Севилья»га қарши ҳам чемпионат, ҳам кубок ўйинида муҳим голларга муаллифлик қилди, «Сосьедад» дарвозасини ишғол қилди, сўнгги турда эса «Барселона»ни деярли чемпионлик пойгасида олиб қолди. Рақиб дарвозасига йўл топилмаётган жуда қийин ўйиннинг 90-дақиқасида гол уриб, «Вальядолид» устидан ғалабанинг бош сабабчиси бўлди.

Демак, ҳар икки футболчи ҳам жуда яхши кайфиятда, мухлисларнинг ёқимтойи сифатида ўзларини кўрсатишлари ва ўйин натижасига таъсир кўрсатишлари учун яхши шароит бор.  

ЎЙИН ОЛДИДАН 

Зинедин ЗИДАН: «Атлетико»да устунлик бор, чунки улар биринчи ўринда кетишяпти. Нима бўлгандаям, барчаси сўнгги турларга бориб аниқ бўлади. Ҳали ўйналадиган очколар кўп. Биз ҳимояда бир қатор ижобий ўзгаришлар қилдик, аммо ғалаба қозониш учун энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз шарт.

Аслини олганда, бу ўйин ҳам худди «Эйбар» ёки «Кадис»га қарши ўйинлар сингари фақат уч очко беради. Тўғри, босим юқори, бизга қийин бўлади, лекин барибир уч очко холос. Агар ютқазсак, чемпионлик масаласи ҳал бўлади ёки биз бу пойгадан чиқиб кетамиз, деб ўйламайман.

Мессига келсак, менимча у «Барселона»да бахтли ва унинг кетишини истамагандим. Бу Месси учун охирги «Класико» бўлмаслиги керак, бундай футболчининг борлиги бизнинг рақобатимиз учун ҳам, Ла Лига эътибори учун ҳам жуда керак. 

Рональд КУМАН: «Эл Класико» бошқа ўйинлардан фарқ қилади. Сўнгги натижаларимиз яхши, лекин бундан фойда чиқариш учун ғалаба қозонишимиз шарт.

Тан олиш керак, «Реал»ни ҳаддан зиёд танқид остига олишяпти. Улар Чемпионлар Лигасида ҳам, Ла Лигада ҳам чемпионлик учун даъвогар бўлиб туришибди, таркибда ажойиб футболчилар бор. Ўйлайманки, ўйин жуда қизиқарли бўлади. «Эл Класико»даги ғалаба жамоа руҳиятини кўтариб юборади, бу эса чемпионатнинг қолган қисмида жуда ҳам аҳамиятли» 

ЎЗАРО ЎЙИНЛАР ТАРИХИ

«Реал» ва «Барселона» илк бор 1926 йилда тўқнаш келиб, каталонияликлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Шундан буён расмий ўйинларда рақиблар 238 маротаба тўқнаш келдилар ва бу учрашувларинг 97тасида «Реал» ғалаба қозонди. «Барселона»да ғалабалар сони бироз кам – 93та. Айнан Испания чемпионати доирасидаги ўйинларда эса, 181 ўйиннинг 74 тасида «Реал», 72 тасида эса, «Барселона» устун келган.  

Сўнгги ўнйилликни оладиган бўлсак, «Барселона» бироз яқинлашаётганини кўрамиз: 37 ўйинда «Барселона»да 15 ғалаба, «Реал»да эса – 12 та. Айниқса, айнан Мадридда ўтадиган учрашувларда меҳмонлар янада каттароқ фарқ билан устунлик қилиб келишяпти. Мадридда бўлиб ўтган Ла Лига доирасида ўтган охирги 8 «Класико»нинг 6тасида меҳмонларнинг қўли баланд келган. Аммо охиргисида «Реал» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман охирги 3 ўйинда мадридликларлар устунроқ: 2 ғалаба ва бир дуранг. Жумладан, биринчи даврада «Камп Ноу»да бўлиб ўтган тўқнашувда «Реал» Вальверде, Рамос ва Модричнинг голлари эвазига 3:1 ҳисобида устун келди. Мезбонлардан голни Ансу Фати урганди.

 

«Реал» - «Барселона». Сўнгги 5 ўйиндаги натижа:

24.10.2020. Барселона – Реал – 1:3

01.03.2020. Реал – Барселона – 2:0

18.12.2019. Барселона – Реал – 0:0

02.03.2019. Реал – Барселона – 0:1

28.10.2018. Барселона – Реал – 5:1.

Ла Лига. 30-тур

10 апрель (шанба)

РЕАЛ – БАРСЕЛОНА

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: UzReportTV.

Top