10:01 / 12.04.2021
5135
ИИВ ҳарбий тузилмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби очиқланди

Ички ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Низом президентнинг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ–4447-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни қабул қилиш учун ҳарбий-касбий саралаш ва якуний танловларни ўтказиш ҳамда айрим тоифадаги номзодларга имтиёз ва устунликлар бериш тартибини белгилайди.

Номзодларни ихтиёрий тартибда контракт бўйича ҳарбий хизматга мавжуд бўш лавозимлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилиш учун саралаш ва якуний суҳбат ўтказиш тадбирлари ташкил қилинади.

Номзодларни саралаш тадбирлари мавжуд бўш лавозимлар учун ўтказилади, қоида тариқасида, ҳар чорак охирги ойи учинчи ўн кунлиги саралаш кунлари ҳисобланади. Навбатдан ташқари номзодларни саралаш тадбирлари эҳтиёждан келиб чиқиб ўтказилиши мумкин.

Саралаш ўтказилишидан камида ўн кун олдин кадрлар бўлими томонидан иқтидорли ёшларни жалб этиш мақсадида ички ишлар органларининг расмий нашрлари ва сайтларида ҳамда оммавий ахборот воситалари, шунингдек ижтимоий тармоқларда бўш лавозимлар бўйича маълумотлар, саралаш ўтказиш жойи ва кунлари, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар, шунингдек хизматга қабул қилиш тартиби ва белгиланган имтиёзлар тўғрисида эълонлар берилади.

Номзодларга қулайлик яратиш мақсадида ҳарбий қисмлар ҳудудига кириш жойларида номзодларни саралаш тартиби, уларга қўйиладиган талаблар, қабул кунлари ва жойи, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ахборот стендлари мажбурий тартибда жойлаштирилиши лозим.

Ортиқча оворагарчиликка йўл қўймаслик мақсадида белгиланган кунлардан олдин ёки кейин мурожаат этган фуқаролар номзодлар рўйхатига киритилмайди ва улар билан саралаш шартлари, ўтказиладиган саралашлар юзасидан ички ишлар органлари расмий нашрлари ва сайтларида ҳамда оммавий ахборот воситалари, шунингдек ижтимоий тармоқларда бериладиган эълонлар билан танишиб туриши ҳақида тушунтириш ишлари ўтказилади.

Номзодлар “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунда, президентнинг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ–4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилишда номзоднинг бўйи президентнинг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Қуролли Кучларда тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги ҳамда Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори билан тасдиқланган Қуролли Кучларда тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларида белгиланган махсус талабларга жавоб бериши шарт. Махсус талаблар мазкур низомнинг 68-бандида назарда тутилган шахсларга ҳамда тор ихтисослик бўйича мутахассислик талаб этиладиган лавозимларга ўрганилаётган номзодларга татбиқ этилмайди.

Ҳарбий хизматга шахсий, ишбилармонлик ва касбий фазилатларига эга кадрлар танланиши, уларнинг мақсадли жойлаштирилиши барча даражадаги раҳбарлар вазифаси бўлиб, улар ушбу ишларни ташкил этиш учун масъул ҳисобланади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни саралаш бўйича олиб борилган ишлар натижалари кадрлар бўлинмалари йиллик ҳисоботларида акс эттирилади. Ушбу масалалар ҳар йили йиғилишларда кўриб чиқилиб, саралаш самарадорлигини ошириш ҳамда уни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар орасидан контракт бўйича хизматга номзодларни кўриб чиқиш президентнинг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ–4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Номзодларни контракт бўйича ҳарбий хизматга саралаш тадбирлари қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

а) дастлабки ўрганиш (суҳбат, ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш);

б) тиббий кўрик (ҳудудий поликлиникалардан соғлиги тўғрисида маълумотнома);

в) психологик ўрганиш (номзодлар интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш);

г) жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.

Саралашнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш босқичи ва якуний суҳбат тадбирлари видеотасвирга тушириб борилади.

Саралаш ва якуний суҳбат тадбирлари давомида Фахрийлар кенгашлари аъзолари, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчилари ва номзодларнинг яқин қариндошлари иштирок этиши мумкин. Бунда, жамоатчилик вакиллари ёки номзодлар саралаш ва якуний суҳбат тадбирларини ўтказиш жараёни ва унинг натижаларидан норози бўлган тақдирда тегишли саралаш ёки қабул комиссияси раисига ёзма равишда мурожаат қилиши ва ўз таклиф ҳамда эътирозларини билдириши мумкин. Жамоатчилик вакиллари ва номзодлар мурожаатлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши лозим.

Қуйидаги ҳолатларда саралашнинг исталган босқичида номзодни контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш рад этилиши мумкин:

  • номзод низомнинг 9-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаса;
  • Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ номзод контракт тузиш ҳуқуқига эга бўлмаса;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш имконини берувчи қонунда белгиланган ёш чегарасидан ўтганда;
  • номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, унга нисбатан дастлабки тергов ёки суриштирув олиб борилаётган, жиноий иш судда кўрилаётган бўлса (бундай ҳолатларда номзоднинг контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиниши масаласини кўриб чиқиш жиноий иш бўйича якуний қарор қабул қилинганидан сўнг амалга оширилади);
  • жазо чорасидан ва амнистия қўлланилганидан қатъи назар, номзод содир этган жинояти учун айблов ҳукми мавжуд бўлса;
  • номзод муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий хизматчи номига доғ туширувчи хатти-ҳаракатни содир этгани ёки хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолгани сабабли хизматдан бўшатилган бўлса;
  • номзод ўзи ҳақида била туриб нотўғри маълумотлар тақдим қилгани аниқланганда;
  • махсус текширув тадбирлари, маълумоти, мутахассислиги мос келмаганда;
  • номзод низомнинг 25-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортганда;
  • саралаш комиссияси фаолиятига ошкора ёки бошқача тарзда тўсқинлик қилганда.

Номзодни ҳарбий хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида саралаш комиссияси томонидан далолатнома тузилади ва бу ҳақда номзодга маълум қилинади.

Top