17:50 / 13.04.2021
44270
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида энг арзон ва энг қиммат ўсимлик ёғи сотилаётгани маълум бўлди

Бугун бозорлардаги нарх-наво қимматлиги, хусусан, ўсимлик ёғи нархларининг ошиб кетиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходимлари томонидан жойларда ўсимлик ёғи нархининг ошиб кетиши борасида мониторинг ишлари олиб борилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, мониторинг натижасида ўсимлик ёғининг 1 литри учун энг қиммат нарх Фарғона вилоятида аниқланган - 18,5-25 минг сўм. Энг арзон нарх Бухоро вилоятида қайд этилган - 17-22 минг сўм.

Қолган ҳудудларда нарх қуйидагича кўриниш олди:

  • Қорақалпоғистон Республикасида ўсимлик ёғи (1 литр) - 18-21 минг сўм; пахта ёғи – 13-18 минг сўм;
  • Навоий вилоятида ўсимлик ёғи - 17-24 минг; пахта ёғи - 15-20 минг;
  • Қашқадарё вилояти - 18-20 минг; 17-20 минг;
  • Сурхондарё вилояти - 19-22 минг; 16-18 минг;
  • Жиззах вилояти - 19-21 минг; 15-19 минг;
  • Самарқанд вилояти - 18-26 минг; 14-22 минг;
  • Наманган вилояти - 18-22 минг; 16,5-18 минг;
  • Андижон вилояти - 18-23 минг; 12-20 минг;
  • Тошкент шаҳри - 18-22 минг; 16-20 минг;
  • Хоразм вилояти - 17-22 минг; 14-17 минг;
  • Тошкент вилояти - 17-25 минг; 14-20 минг.

Аввалроқ, Тошкент бозорларида ярмаркадаги ёғ учун навбатлар юзага келаётгани маълум бўлганди. Тошкент шаҳридаги “Aвиасозлар” бозорида ташкил қилинган арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасида ўсимлик ёғига узун навбат юзага келган. Бозор расталарида ўсимлик мойи 20 минг сўмдан сотилган бўлса, ярмаркада 14 минг сўмдан сотилган.

Шундан сўнг, Антимонополия қўмитаси ўсимлик ва пахта ёғлари қимматлаши бўйича изоҳ берди. Қайд этилишича, ўсимлик ва пахта ёғлари нархининг кескин ошишига жаҳон бозорларидаги нархлар ошиши, ўтган ҳосил йилида етиштириш ҳажмлари нисбатан камроқ бўлгани, қўшни давлатларда кунгабоқар ёғи ва уруғи экспортига юқори божхона божлари белгиланган муддат узайтирилиши таъсир этган.

Бундан олдин, Kun.uz Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархи ошиб бораётгани юзасидан таҳлилий мақола эълон қилганди. Сўнгги даврда дунё бўйича ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25 фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошиб, Ўзбекистонда ўсимлик ёғининг ошиши кунгабоқар ёғи нархи ошиши фонида яққол сезилди. Мутахассислар нарх яна 30 фоизга ошишини прогноз қилишмоқда.

Top