09:49 / 15.04.2021
8433
Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистоннинг янги парламенти юқори палатаси раиси этиб сайланди   
Фото: Коммерсант

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатнинг янги икки палатали парламентининг юқори палатаси – Халқ Маслаҳати раиси этиб сайланди. Туркманистонда икки палатали парламент тизимига ўтишга 2020 йил сентябрда қарор қилинганди.  

Парламент Миллий Генгеш (Миллий кенгаш), унинг қуйи палатаси эса Межлис номини олди. Бердимуҳамедов Халқ Маслаҳати раиси лавозимига ягона номзод бўлди ва ушбу лавозимга юқори палатанинг 14 апрелдаги илк йиғилиши давомида ўтказилган яширин овоз бериш натижаларига кўра сайланди. 

«Мен ушбу лавозимга сайланишимни катта ҳурмат ва халқимиз олдидаги улкан масъулият деб қабул қиламан. Палаталар ва парламент тўлақонли ишлаши учун ҳар томонлама кўмак кўрсатаман», деб айтган Туркманистон президенти. 

Юқори палата йиғилишида, шунингдек, раис ўринбосари ҳам сайланган ва 5та қўмита ташкил этилган. 

Халқ Маслаҳати таркибига 56 киши киради. Улардан 48 нафари 28 мартда ўтган умумхалқ овоз бериши давомида сайланган. Палатанинг яна 8 аъзосини президентнинг ўзи тайинлайди. Туркманистоннинг собиқ президентлари Халқ Маслаҳати аъзосига айланади. Парламент депутатларининг ваколат муддати 5 йилни ташкил қилади.  

Туркманистон парламентининг юқори палатаси Межлис қабул қилган конституцион ўзгаришлар, қонунларни маъқуллайди ёки рад этади, мамлакатда референдумлар ўтказилиши, чегараларни ўзгартириш, президент таклифига кўра олий суд раиси, бош прокурор, ички ишлар вазири ва адлия вазирини тайинлаш ва бўшатиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади. Шунингдек, палата президентни давлат мукофотлари билан тақдирлайди, унга ҳарбий ва бошқа давлат унвонларини беради. Агар президент ўз мажбуриятларини бажара олмаса, унда Халқ Маслаҳати раиси вақтинча президент вазифасини бажаради.    

Top