22:07 / 19.04.2021
18313
Моуриньо энди Ўзгача эмас. Унинг методлари замонавий футболда энди иш бермаяпти

Португалиялик мутахассис энди «Тоттенҳэм»га мураббийлик қилмайди.

Фото: Reuters

Суперлиганинг биринчи қурбони
Агар Европа Суперлигаси ташкил этилиши муносабати билан футбол дунёсида уруш бошланмаганида Жозе Моуриньонинг истеъфоси ҳафтанинг асосий воқеасига айланган бўларди. Айрим манбалар бу икки воқеа ўзаро боғлиқлигини ҳам айтиб чиқишди. Гап португалиялик мутахассис «Тоттенҳэм» янги турнирда жамоаси иштирок этишига қарши норозилик ифодаси сифатида жамоани эрталабки машғулотларга олиб чиқмагани ҳақидаги тасдиқланмаган миш-мишларда эмас, балки пулда.

Агар шартномани муддатидан аввал бекор қилганлик учун улкан миқдордаги товон пули бўлмаганида, Моуриньога қишдаёқ чиқиш эшигини кўрсатиб қўйган бўлишарди. Аммо «шпор»лар президенти Дэниел Леви — 30 миллион фунт билан хайрлашишга рози бўладиган дунёдаги охирги инсон эди ва шу туфайли клуб раҳбарияти истеъфо масаласини ёзга қолдирганди. Энди эса Суперлига турнир иштирокчиларига шунчалик катта фойда ваъда қилмоқдаки, португалиялик мураббий ва унинг штаби учун тўлаш керак бўлган товон пули миқдори бу пуллар олдида арзимас маблағ бўлиб қолади.

Шу билан бирга, «Тоттенҳэм»нинг расмий баёноти таркибига эътибор қаратиш керак. У ерда ишдан бўшатиш ҳақида сўз йўқ, барчаси «мажбуриятларидан озод этиш» ибораси билан ифодаланган. Яъни Левининг ҳали ҳам товон пули бергиси йўқ. Бундан келиб чиқадики, Моуриньо ҳеч қандай иш қилмасдан, шунчаки шартнома бўйича маош олишда давом этади.

«Ювентус» Массимилиано Аллегри ва Маурицио Саррининг кетишини шу тарзда эълон қилганди. Бу мураббийларга камтарроқ таклифлар бериладиган янги иш топгандан кўра, бекор юрган фойдалироқ. Моуриньонинг ўрнига номдор мураббий изланмасдан, ёшлар жамоаси мураббийи Райан Мэйсонга ишонч билдирилгани ҳам бу версияни тасдиқлайди.

Фаолиятидаги энг ёмон мавсум
Левининг истеъфога оддий қилиб изоҳ берди. «Жозе ва унинг мураббийлар штаби клуб учун энг оғир даврлардан бирида биз билан бирга бўлишди. Жозе — ҳақиқий профессионал, у пандемия вақтида улкан қатъият кўрсатди. Шахсан менга у билан ишлаш ёқади, аммо ҳамиша биз ўйлаганимиз бўлавермайди. Уни клубда кўришдан ҳамиша хурсанд бўламан, биз Жозе ва унинг штабига миннатдорчилик билдиришни истаймиз», — деди «шпор»лар президенти.

Қоғозда барчаси силлиқ, амалда эса — анча қайғули. Маурисио Почеттинодан ёрқин ва ўзига хос жамоани қабул қилиб олган Моуриньо уни ўзининг прагматик услубида қайтадан қуришга бесамар уринди. Унинг қўл остида йиғилган футболчилар билан бундай ишга қўл уриш камида ғалати эди. Аммо бунга ажабланишга ҳожат йўқ, португалиялик мутахассис даврида «Манчестер Юнайтед» қандай зерикарли ўйин намойиш этардию, Оле-Гуннар Сульшер келгач «қизил иблислар» АПЛнинг қанчалар жўшқин жамоасига айланди?

Моуриньо «Тоттенҳэм»да нималаргадир эришди. Масалан, жамоа идеал даражадаги қарши ҳужумлар уюштира бошлади, бу услубда Сон Хин Мин ва Ҳарри Кейннинг тезкорлиги ҳам қўл келди. Уларнинг иккисида ҳам фантастик даражадаги статистика, Кейн бу мавсумда ўзининг асосий ишини унутиб қўймасдан, жамоанинг энг яхши ассистенти бўлди. Аммо «шпор»ларнинг умумий кўрсаткичлари ва Моуриньонинг алоҳида кўрсаткичи ғариброқ кўринади. Португалиялик мутахассиснинг бу мавсумдаги статистикаси — унинг бутун фаолиятидаги энг ёмони бўлди.

Бир ўйинда ўртача 1,77 очко — топ-мураббийнинг эмас, ўртамиёналарнинг даражаси. 86 ўйинда 23 мағлубият қайд этилиши — буткул ҳалокатли ҳолат. Бундай кўп муваффақиятсизликлар Моуриньонинг ҳеч қайси клубида рўй бермаганди. «Реал»да у 22 ўйинни ютқазган, лекин бу 178 ўйинда қайд этилган. «Челси»даги мағлубиятлар сони — 21та, жами ўйинлар сони 185та бўлган ҳолда. Бундан ташқари, Моуриньо ҳеч қачон бир мавсум давомида 13 бор стадионни мағлуб ҳолда тарк этгани кузатилмаганди.

Почеттино соғинчи
Ҳа, статистика кўпинча алдамчи бўлади, аммо «Тоттенҳэм»нинг муаммолари янада чуқурроқда ва ички зиддият жамоатчиликка фақатгина Европа Лигаси нимчорак финалида загребликлардан учралган шармандали мағлубиятдан кейингина маълум бўлди. Ўшанда Моуриньо рақибни кийим алмаштириш хонасига кириб табриклаганди, аммо унинг ўйиндан кейинги интервьюлари (у жамоада кучли футболчилар бўлиши етарли эмаслиги, футболчиларда ғалаба учун иштиёқ бўлиши ҳам кераклиги ҳақида гапирганди) ва жамоа сардори, дарвозабон Юго Ллориснинг жамоада бирлик йўқолганига ишора қилган ҳолда айтган гаплари кўп нарсадан дарак эди.

The Athletic нашрининг февраль ойидаги материалида ҳам жамоа футболчилари машғулотлардан норозиликлари ҳақида инсайдерлик маълумотлари бор эди. Футболчиларга машғулотлар ҳаддан ташқари ҳимоявийлиги ва рақибга кўпроқ эътибор қаратилаётгани ёқмасди. Почеттино давридаги билан солиштирганда, интенсивлик деярли йўқ эди. Ҳолбуки бир ярим йил аввал уларга аргентиналик мураббийнинг кунига икки марталик машғулотлари ва дам олиш кунларини камайтиргани ҳам ёқмаганди.

Нашрнинг жамоадаги манбалари олдинги чизиқдаги футболчилар рақиб жарима майдони атрофида аввалги мураббийлар штабининг тажрибаларидан фойдаланишган, чунки Моуриньо учун асосийси — хатога йўл қўймаслик бўлган, майдоннинг сўнгги учинчи қисмидаги мураккаб комбинацияларга эса етарли даражада эътибор қаратмаган. «Тўпни Кейн ёки Сон Хин Минга узатиш» унинг ҳужумдаги универсал рецепти бўлган.

Почеттинонинг «Тоттенҳэм»и майдонда устунлик қилишга ҳаракат қилган бўлса, ҳозирги жамоа эса ҳар бир рақибни синчковлик билан ўрганади, аммо рақибнинг ўйинига қараб ўзиникини ташлаб қўяди. Хотиржамлик ва ўйиндан завқ олиш ўрнини хато қилишдан қўрқиш эгаллайди.

Моуриньонинг режалари дастлаб «Ман Сити» ёки «МЮ»га қарши ўйинларда иш берганида, унинг жамоаси етакчилик қилганида, барча буни яхши қабул қилди. Аммо жамоа турнир жадвали ўртасига қулай бошлагач, мураббий кийим алмаштириш хонасида назоратни йўқота бошлади. Футболчилар тактика билан андармон бўлишди, фақат топ-ўйинлар учун эмас, барча ўйинлар учун алоҳида режа ишлаб чиқиларди. Иш ҳақиқий портлашгача етиб бормади, аммо жамоа ортиқ «Спейшил ван» бўлмай қолган мураббийдан чарчаганди.

У ёрқин профессионаллигича қолади, аммо замонавий футболда хилма-хиллик йўқлиги — деярли ҳукм. «Тоттенҳэм»га келишидан олдинроқ қуёши бота бошлаган Моуриньони кузатиш қайғули. Балки, у ҳеч бўлмаса «Манчестер Сити»га қарши Англия лигаси кубоги финалида ўйнашга ҳақли эди. Қолаверса, португалиялик мутахассисдан бошқа бирор мураббий ҳал қилувчи финал баҳсида Хосеп Гвардиолани енгишга мушарраф бўлмаган. Агар у яна бир бор бу ишни қилиб, кўп вақтлардан буён соврин юта олмай келаётган «Тоттенҳэм»ни совриндор қилганида ҳам, бу шунчаки видолашув эшигининг ёпилиши бўлган бўларди. Буюк Моуриньонинг даври ўтди.

Top