22:57 / 19.04.2021
16034
УЕФА ижроқўм аъзоси: «Реал», «Сити» ва «Челси» – Чемпионлар лигаси яримфиналидан четлатилишини кутяпман»

Қайд этилишича, бу клубларни Чемпионлар лигасидан четлатиш тўғрисидаги қарор 23 апрел куни қабул қилинади.

Дания футбол иттифоқи президенти ҳамда УЕФА ижроия қўмитаси аъзоси Йеспер Меллер «Реал», «Манчестер Сити» ва «Челси» клублари Суперлигада иштирок этишини эълон қилгани сабабли Чемпионлар лигасидан четлатилиши лозимлигини таъкидлади.

«Реал», «Манчестер Сити» ва «Челси» клубларини Чемпионлар лигаси яримфиналидан четлатилишини кутяпман. УЕФА Чемпионлар лигасини қандай якунлаши ҳақида бош қотиришига тўғри келади», - дея Меллернинг сўзларини келтирмоқда Goal.

Маълумот учун, «Манчестер Сити», «Челси» ва «Реал» жамоалари ЕЧЛ чоракфиналида «Боруссия», «Порту» ва «Ливерпуль»ни мағлуб этиб, яримфиналга чиққан эди. Ушбу босқичга етиб келган клублар орасида фақатгина «Пари Сен-Жермен» Суперлигага иштирок этишдан бош тортган.

19 апрел куни Испаниянинг «Реал», «Барселона», «Атлетико», Италиянинг «Милан», «Интер», «Ювентус» ва Англиянинг «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» клублари Суперлига ташкил этилишини эълон қилганди. Мусобақада 20та клуб қатнашади — 15та таъсисчи клуб ва мавсумдаги натижаларига кўра қўшиладиган яна 5 жамоа.

Франциянинг «Пари Сен-Жермен», Германиянинг «Бавария» ва «Боруссия» ҳамда Португалиянинг «Порту» клублари Суперлигада иштирок этиш таклифини рад этди.

Top