04:06 / 19.04.2021
32682
Расман: Европа клублари янги Суперлига ташкил этилганини эълон қилишди

Европанинг 12 клуби янги Суперлига тузилганини расман эълон қилди. Бу клублар УЕФАнинг ЕЧЛни ташкил этишидан қониқмаганини айтиб, янги лига тузилганини эълон қилди.

Қуйидаги жамоалар Европа Суперлигасида иштирок этиши маълум:

Испаниядан «Реал» «Барселона», «Атлетико»;

Италиядан «Милан», «Интер», «Ювентус»;

Англиядан «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм».

Янги тузилган Суперлига президенти Флорентино Перес бўлади. Клублар бу мусобақани ташкил эта олишса, унинг ўйинларидан тушадиган фойда ўзаро тенг тақсимланади. Бу клублар УЕФА ЕЧЛдан тушадиган даромадларни нотўғри тақсимлашидан норози бўлишган.

Турнир формати

Мусобақада 20та клуб қатнашади — 15та таъсисчи клуб ва мавсумдаги натижаларига кўра қўшиладиган яна 5 жамоа. 

Жамоалар 10тадан бўлиб, икки гуруҳга тақсимланади ва уй-сафар тизимида ўйин ўтказишади. Ҳар бир гуруҳдан 3тадан энг яхши жамоа чорак финалга йўл олади. Тўртинчи ва бешинчи ўринни эгаллаган клублар қўшимча икки ўйиндан иборат плей-оффда беллашади. Чорак финал ва ярим финал баҳслари уй-сафар тизимида, финал нейтрал майдонда ўтказилади. Ўйинлар ҳар ҳафта бўлиб ўтади. 

Турнир август ойи ўрталарида бошланиши режалаштирилган.

УЕФА ва ФИФА қарши

 УЕФА Суперлига тузилишини қабул қилмаслигини, бу мусобақада ўйнайдиганлар Европа ва жаҳон миқёсидаги ўйинлардан дисквалификация қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, ташкилот Суперлига таклифини қўлламаган Германия ва Франция клубларига миннатдорчилик билдирган.

ФИФА ҳам бу ташаббусни маъқулламаслигини билдирди. 

«ФИФА адолатли тақсимот моделига қатъий содиқдир. Чунки жаҳон миқёсида футболни ривожлантириш — ташкилотнинг асосий вазифасидир. 

Низомга мувофиқ, ҳар қандай миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги футбол турнирлари ҳар доим молиявий тақсимотнинг асосий тамойилларини акс эттириши керак. 

Шундай қилиб, ФИФА халқаро футбол тузилмаларидан ташқаридаги «Европанинг ёпиқ лигаси»га норозилигини билдиради.

ФИФА доим жаҳон футболидаги бирдамликни қўллаб-қувватлайди ва қизғин муҳокамаларда иштирок этаётган томонларни мувозанатли мулоқотга чорлайди», — деб баёнот беради ФИФА.

Top