09:46 / 22.04.2021
25406
Дунёнинг энг қиммат шаҳрида ўн минглаб квартиралар бўшаб қолди
Фото: globallookpress.com

Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди, дунёнинг энг қиммат шаҳри ҳисобланган Ҳонгконгда ўн минглаб квартиралар бўшаб қолди. Таъкидланишича, бу ҳолат Хитой томонидан Ҳонгконг миллий хавфсизлиги ҳақидаги қонун қабул қилинишидан кейин шаҳар аҳолисининг Британияга кетиб қолаётгани билан боғланмоқда.  

Bloomberg Intelligence таҳлилчилари 2020 йилда Ҳонгконгда 52 мингдан кўпроқ квартира бўшаб қолганини ҳисоблаб чиқишган. 2021 йилда бўш квартиралар сони 18 йил аввал қайд қилинган максимум кўрсаткичга етиши мумкин. 

South China Morning Post нашрининг маълумотларига кўра, агар шаҳардаги квартиралар эгаларининг 1 фоизи миграция қилса, унда 5,4 фоиз квартира бўшаб қолади. Натижада 66 мингдан кўпроқ уй эгасиз қолади. Бундай ҳолатда квартира учун ижара ҳақи 10 фоизга тушиб кетади. 

Таъкидланишича, баъзилар Ҳонгконгдан кетишдан олдин квартираларини ижарага бермай, уни бутунлай сотиб кетишмоқда. Маҳаллий фуқаро Шарлотта Сонинг таъкидлашича, у оиласи билан бирга Британиянинг Кингстон шаҳрига бутунлай кўчиб кетишга қарор қилган ва уйини режалаштирилгандан арзонроққа сотишига тўғри келган. «Бу ердаги муҳит, қонунчилик ва сайлов тизими, таълим тизими мунтазам ўзгариб туради. Ҳонгконг биз учун бегона эканини ҳис қилмоқдамиз ва яқин йилларда ўзгаришлар янада кўпроқ бўлади. Британия болаларни тарбиялаш борасида хайрихоҳ ва 40 ёшдан катталар учун анча қулай ҳисобланади», деб тушунтирган ўз қарорини Со. 

2020 йил июнда Хитой Британиянинг собиқ ҳудуди ҳисобланган Ҳонгконгда миллий хавфсизликни таъминлаш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Пекин шу йўл билан Ҳонгконгда айирмачилик фаолиятига тақиқ қўйиб, махсус ҳудуди устидан назоратни кучайтирмоқчи бўлган. АҚШ бундай ҳаракатларни Ҳонгконг мухториятига раҳна солиш деб ҳисоблаб, Хитойга қарши санкциялар киритган. 

Британия ҳукумати Хитойнинг бундай ҳаракатларига жавобан 2021 йил 31 январдан Ҳонгконгнинг «хорижлик британиялик» (British National (Overseas), BNO) паспортига эга бўлган барча фуқаролари ҳамда уларнинг қариндошлари Британияга келиб, у ерда яшаш, ишлаш ва ўқишлари мумкинлигини эълон қилди. 6 йилдан кейин уларга Британия фуқаролиги берилади. 

Top