09:36 / 28.04.2021
9052
АҚШ кемалари Эрон катерлари томон огоҳлантирувчи ўқ узгани маълум қилинди  
Фото: Reuters

26 апрелда АҚШ ҳарбий кемалари Форс кўрфазида уларга 62 метр масофагача яқинлашган Эроннинг учта катери томон огоҳлантирувчи ўқ узди. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар берди.    

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг учта тезюрар катери Форс кўрфазининг шимолий қисмида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг USS Firebolt патрул катери ва АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизматининг Baranoff катерига яқин масофага келган. АҚШ кемалари экипажи радио ва бошқа қурилмалар орқали огоҳлантиришига қарамай, улар ҳаракатини давом эттирган. Firebolt экипажи Эрон катерлари томон огоҳлантирувчи ўқ узган ва шундан кейин улар нари кетган.   

«Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз флоти хатти-ҳаракатлари хатога йўл қўйишимиз ёки тўқнашиш хавфини оширади ва денгиз амалиётларини тартибга солувчи халқаро қоидаларга зид бўлди. Экипажлар сардорлари бундай ҳолатларда ўзларини мудофаа қилиш ҳуқуқига эгалар», деб айтилган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари баёнотида. 

Таъкидланишича, АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизматининг кемалари Форс кўрфазида 2003 йилдан бери ҳаракат қилади. 

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри 2 апрелда ҳам Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг 3та жанговар катери ва таъминот кемаси Форс кўрфазининг жанубий қисмидаги халқаро сув ҳудудларида АҚШнинг патруллаш олиб борган 2та катерини 3 соат давомида кузатиб борганини маълум қилган. Ўшанда ҳам АҚШ кемалари огоҳлантирувчи ўқ узишига тўғри келган.  

Ушбу воқеалар ортида АҚШ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан денгизда кескинликка йўл қўйилмаслигини исташини маълум қилди. АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг таъкидлашича, денгиздаги можароли вазиятни айнан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари юзага келтирмоқда. Ваҳоланки, Эрон давлат ҳарбий-денгиз кучлари томонидан бундай хатти-ҳаракатлар кузатилмаяпти.  

«Биз бундай ҳаракатларни Эрон давлат ҳарбий-денгиз кучлари томонидан кўрмаяпмиз. Асосан бунга Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ва уларнинг тезюрар катерлари йўл қўймоқда. Бу хавотир уйғотишда давом этмоқда», деб айтган Кирби. 

Пентагон вакилининг таъкидлашича, Эронда «идеал яхлит қўмондонлик» йўқ. Унинг айтишича, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эроннинг олий етакчисига бўйсунади ва у «қўмондонлик занжиридаги алоҳида кучлар» ҳисобланади. 

Top